21:05 / 24.11.2016
27933

Остона учун 3 янги ном: Қозоғистон пойтахти учун қандай номлар таклиф этилмоқда?

Фото: © РИА Новости

Қозоғистон пойтахтини мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарафига қайта номлаш бўйича кўпдан-кўп таклифлар берилмоқда. Вариантлар орасида — Назарбоев, Нурсултон ва Нур-Остона номлари бор. Бу ҳақда парламент сенатининг иқтисодий сиёсат, инновацион ривожланиш бўйича қўмитаси раиси Асқар Бейсенбаев айтиб ўтди.

23 ноябрь куни қуйи палата депутати Куаниш Султанов мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги давомида эришилган ютуқларга бағишлаб тайёрланган декларацияда пойтахт шаҳарни мамлакатнинг биринчи президенти шарафига қайта номлашни таклиф қилганди.

"Остона — ҳозир барча ўрганиб қолган ном. Аммо бу номнинг ўзи "пойтахт" маъносини беради. Шу туфайли биз давлатимиз раҳбарининг хизматлари эътирофи сифатида президент номи тарихий ҳужжатларда акс этиши керак деб ҳисоблаймиз. Бугунги кунда Назарбоев бренди Қозоғистон учун жуда фойдали", — деган сенатор журналистларга.

У шаҳарни қайта номлаш таклифи муҳокама этилишини айтиб ўтган.

"Балки Назарбоев, балки Нурсултон ёки Нур-Остона. Буни муҳокама қиламиз", — деган Бейсенбаев.

Собиқ Иттифоқ даврида Қозоғистон пойтахти Олма-Ота шаҳри бўлган. 1998 йилда аввал Оқмола номида бўлган шаҳар Қозоғистон пойтахти мақомини олган ва унга Остона номи берилган.

Top