19:15 / 25.11.2016
6147

ЕИдаги ўртача умр кўриш давомийлиги тарихда биринчи бор рекорд ёшга етди

Фото: © AFP

ЕИда ўртача умр кўриш давомийлиги илк бора 80 йилдан ошди. Бу ҳақда Европа комиссияси ва иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш Ташкилоти ҳисоботида маълум қилинган, деб хабар берди The Independent.

Тадқиқотга кўра, ЕИнинг 28 давлатидаги ўртача умр кўриш давомийлиги 90-чи йиллардаги 74,2 ёшдан 2014-чи йилда 80,9 ёшга ошган. Европа Иттифоқининг ғарбий мамлакатларида яшовчи инсонлар Марказий ва Шарқий Европадаги кишиларга қараганда саккиз йил кўпроқ умр кўради. Шу билан бир қаторда, салбий кузатувлар ҳам бор.

Масалан, 2014 йилда ёши катта аҳолининг 16 фоизи семизликдан азият чеккан. 2000-чи йилларда бу кўрсатгич 11 фоизга тенг эди. Шунингдек, чекишнинг кўпайиши, ичкиликбозлик ва доимий касалликлар миқдори ҳам ошиб бормоқда.

Ҳар йили ўртача 55 мингдан ортиқ меҳнатга лаёқатли кишилар юрак хуружи, инсульт, диабет, саратон ва нафас олиш йўллари касалликлари сабаб эрта ҳаётдан кўз юмади. Умумий ҳисоблаганда, ЕИнинг деярли 50 миллион фуқароси икки ёки ундан кўпроқ доимий хасталикдан азият чекади.

Бу касалликлар билан кураш учун (ногиронлик бўйича нафақа ва касаллик варақаси) ЕИ ЯИМнинг тахминан 1,7 фоизи сарф этилади. Мутахассислар Европа аҳолисининг тезда қариб бораётгани ҳақида ҳам бонг урмоқда. 1980-чи йилларда 65 ёшдан катта бўлган кишиларнинг миқдори 10 фоиздан ошмаган бўлса, 2015-чи йилга келиб бу ҳолат - 20 фоизни ташкил этди.
 

Top