14:52 / 29.11.2016
9134

Видео: Авиаҳалокатга учраган бразилияликлар жамоаси 5 кун олдин финал йўлланмасини нишонламоқда

Бразилиялик журналист Андрес Фелипе Аркос ўз твиттерига «Шапекоэнсе» жамоаси кийим алмаштириш хонасида 5 кун олдин олинган видеони жойлаштирди.

Видеода бразилияликлар Копа Судамерикано турнири ярим финалининг жавоб учрашувида «Сан-Лоренсо» жамоаси билан дурангдан кейин финал йўлланмаси қўлга киритилганини нишонлаётганини кўриш мумкин.

29 ноябрга ўтар кечаси Боливиядан Колумбияга учиб келаётган ва бортида 81 нафар йўловчи бўлган самолёт қулади. Йўловчилар орасида Бразилиянинг «Шапекоэнсе» клуби футболчилари бўлган.

«Шапекоэнсе» футболчилари 1 декабрь куни Копа Судамерикано мусобақаси доирасида Колумбиянинг «Атлетико Насьональ» клубига қарши майдонга тушиши керак бўлган. Ҳалокат оқибатида 75 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Улар орасида жамоанинг сафар ўйинини ёритиш мақсадида сафарга чиққан ўндан ортиқ журналистлар ҳам бор эди. 3 футболчи омон қолган. 

Колумбияликлар клуби рақиб жамоа футболчиларининг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Копа Судамерикано Жанубий Америка минтақаси клублари ўртасидаги Копа Либертадорес турниридан кейин нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган мусобақа ҳисобланади.

«Шапекоэнсе» 20 жамоа иштирок этадиган Бразилия А сериясида 37-турдан кейин 9-ўринни эгаллаб турганди.

Top