08:22 / 30.11.2016
5608

Трампнинг куёви президент маъмурияти таркибига кириши учун ўз компанияларидан воз кечиши лозим

Фото: © AP

АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер раҳбар маъмуриятига қабул қилинса, ўзининг шахсий манфаатларига зарар етказиши мумкин, деб ёзади Wall Street Journal.

Нашр фикрича, Кушнер раҳбарлик лавозимларидан бирига тайинлангач жиддий танлов олдида қолади. Таъкидланишича, маъмурият ходимларига молиявий даромад келтирувчи исталган ишда иштирок этиш тақиқланади.

Бундан ташқари, Кушнер ҳақ тўланмайдиган маслаҳатчи бўлиб ишласа ҳам, унинг сиёсатга бўлган таъсир доираси жиддий назорат остида бўлади, дейишди мутахассислар.

Аҳлоқ масалалари бўйича экспертларнинг хабар беришича, президент маъмуриятига кирган баъзи бир ўта таъминланган кишилар қонун билан бўлажак можаролардан сақланиш учун ўз активларини сотишга мажбур бўлишган.

Шунингдек таъкидланишича, Кушнер ўз компанияларини “кўр траст”га бериш ҳақидаги масалани ҳам муҳокама қилган. Бироқ, молиявий мутахассислар бундай ҳолат иш бермаслигини айтишди. Уларнинг фикрича, “активларни трастга бериб юборган ҳолда, улар сизда йўқ, деб кўзбўямачилик қилиш мумкин эмас”.

Кушнер вакилининг нашрга хабар беришича, “Жаред Оқ уйдаги бирон лавозимга тайинланса, унинг компанияларида барча қонунчилик талаблари бажарилади”.

Top