23:31 / 13.12.2016
9024

Тўққиз минг АҚШ долларини қонунга хилоф равишда сотмоқчи бўлган шахслар жазога тортилди

Фото: Getty Images

Ўтган йилнинг январь ойи охирларида Хурсанд Маликовга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) таниши Мирзараҳим Ҳакимов қўнғироқ қилиб қолди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

-  Холамга 13 500 “қоғоз” керак бўлаётган экан. Шунга ёрдам қилиб юбор, деб илтимос қилганди. Ўзингиз биласиз, бунақа масалада синашта бўлмаган одамларга учраб бўлмайди. Шунинг учун сизга чиқаётгандим ака, - деди илтимос оҳангида.

-  Ўн уч ярим минг дегин... – Хурсанд бироз ўйланиб, хаёлан пулларини ҳисоб-китоб қилиб олди. – Тўғриси, менда унча пул йўқ, ака. Агар хоҳласанг, тўққиз минг қилиб бера оламан.

Шу тахлит давом этган суҳбат 1 АҚШ долларини қанчадан баҳолаш-у, учрашув вақти ва жойини белгилаш билан якунланди. 

Шу куни кечга томон Мирзараҳим бир нотаниш аёл билан айтилган манзилга етиб келди. Х.Маликов уларга пешвоз чиқиб, салом-аликдан сўнг “иш”га кўчишди. Олди-берди борасида бироз тортишув ҳам бўлди. Нотаниш аёл “буюртма”ни кўрмагунча пул бермаслигини айтиб қатъий туриб олди. Шундан сўнг Хурсанд 9 000 АҚШ долларини унга узатди. “Мижоз” пулларни олиб, машинага ўтирган кўйи санашга киришди.

-  Иккита кам экан, - деди санаб бўлиб.

Бу ҳол Х.Маликовни таажжубга солади. Аёлга бундай бўлиши мумкин эмаслигини, ўзи санаб кўришини айтиб, пулни қайтаришни талаб қилади. Бироз келишмовчиликдан сўнг савдони давом эттиришади. Аммо 8 800 АҚШ доллари ҳисобига 54 миллион 500 минг сўмдан ортиқроқ пулни қўлга киритган Х.Маликов пайдо бўлган СВОЖЖДЛҚК департаменти ходимларини кўриб, “омади келмаганини” тушунди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан Х.Маликов ва М.Ҳакимовлар тегишли жазоларини олишди.

Top