19:51 / 23.12.2016
15996

Галина Мельникова: Бундай эътибор ва эъзоз учун Президентимиздан ниҳоятда миннатдорман

Фото:UZA.UZ

2016 йил 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясидаги кўп йиллик самарали ижодий фаолияти, дикторлик санъатини ривожлантириш, халқимизнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун Галина Мельниковага “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони берилди.

Г.Мельниковани табриклаш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситаларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар, олий ўқув юртларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, талабалар жам бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Г.Мельниковага “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвонини бериш тўғрисида”ги фармонини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов Галина Мельниковага "Ўзбекистон Республикаси халқ артисти" фахрий унвони нишони ва гувоҳномасини тантанали равишда топширди.

– Табаррук ёшда яқинларинг эъзозида юриш бир неъмат бўлса, давлатимизнинг ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиш янада улкан бахт, – дейди Галина Мельникова. – Бундай эътибор ва эъзоз учун Президентимиздан ниҳоятда миннатдорман. Биз, фахрийлар доимо халқимизга, давлатимизга кераклигимизни ҳис қилиб, бошимиз осмонга етади. Тинч-осойишта, фаровон ўтаётган ҳар бир кунимизга шукроналар айтаман. Ёшларга ўтмиш хотираларим, ҳаёт тажрибам ҳақида сўзлаб, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиш лозимлигини уқтираман. Бизга эҳтиром кўрсатган инсонларнинг умри узоқ бўлсин. Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка кўз тегмасин.

Галина Мельникова – олий тоифали сухандон, телевидениеда 1956 йил 26 декабрдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Кўп йиллар давомида “Ахборот” информацион дастурида бошловчилик қилган, турли тантанали маросимларни олиб борган. 
 

Top