20:58 / 21.01.2017
21175

Бир қултум сув ва уни чиқариб ташлашга арзимайдиган мол-мулк учун ўзини таҳликага отиш ақлли одамга ярашмайди

Қуръони каримнинг бир неча сурасида Парвардигор Ерга аниқ бир ўлчовда ёғин ёғдиришини зикр этган. Агар Аллоҳ таоло бир йилгина Ерга умуман қор-ёмғир ёғдирмай қўйса ёки керагидан ортиқча ёғдирса, бунинг оқибати нима билан тугашини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Бунинг ўлчови, миқдори Парвардигорнинг ёлғиз ўзига аён. Қуръони карим оятларида сув, унинг фойда ва самаралари ҳақида олтмишдан зиёд ўринда зикр этилган. Бу ояти карималардан Аллоҳ таолонинг Ер юзида униб-ўсишга, ҳаёт кечиришга қобилияти бўлган инсонлар, ҳайвонлар ва наботот оламини обиҳаёт — сувдан яратгани маълум бўлади.

Шунинг учун ҳам атроф-муҳитни ва унинг муҳим захираларини, жумладан, энг муҳим илоҳий неъматлардан бири — сувни эҳтиёт қилиш, асраб-авайлаш алоҳида долзарб аҳамият касб этади.

РИВОЯТ

Кунларнинг бирида Ҳорун ар-Рашид ҳарбий сафарга чиқди. Ёнида доно вазирларидан Ибн Саммок бор эди. Йўлда жуда чанқаган ҳукмдор бетоқатлик билан сув сўради. «Худо ҳаққи, бироз сабр қилинг», деди Ибн Саммок. Кейин кўзада сув узата туриб қайтиб олди ва: «Фараз қилинг, ушбу сувдан ман қилиндингиз, уни ичиш учун нимангизни берардингиз?», деб сўради.

-  Мулкимнинг ярмини берган бўлардим.

Ҳукмдорнинг ташналиги қонганидан кейин доно вазир яна сўради:

-  Мана, сувни ҳам ичдингиз. Энди Расулуллоҳ(с.а.в)га яқинлигингиз ҳурмати, айтинг, ўша сув вужудингиздан қайтиб чиқмади, яъни пешобингиз тутилиб қолди дейлик. Унинг қайтиб чиқиши учун нима қилардингиз?

-  Мулкимнинг қолган ярмини берардим.

Шунда Ибн Саммок: «Бир қултум сув ва уни чиқариб ташлашга ҳам арзимайдиган мол-мулк учун ўзини таҳликага отиш, талашиб-тортишиш, унга эга бўлиб қувониш ақлли одамга ярашмайди», деди. Бу сўзлардан Ҳорун ар-Рашид қаттиқ таъсирланиб, ҳарбий юришни бекор қилди. 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид
Top