13:21 / 25.01.2017
70891

Табиий газ ва электр таъминоти борасида одамлар нима дейди?

Жойларда табиий газ ва электр таъминоти муаммоси борлиги ва уни бартараф этиш учун олиб борилаётган ишлар ҳақидаги мақолалар ўқувчиларимизни бефарқ қолдирмади. Таҳририятимизга турли мазмундаги мактублар йўлланмоқда. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Жумладан, Шуҳрат исмли фуқаро шундай ёзади: “Мен Қашқадарё вилояти, Нишон туманида яшайман. Сизлардан илтимос, Нишон томонларга бориб халқнинг аҳволидан бир хабар олиб келсангизлар. Мен Тошкентда ишлайман, қишлоққа борган пайтларим ҳудди ўрта асрга тушиб қолганга ўхшайман. Сизлардан илтимос, шу масалани телевидиниега ҳам олиб чиқсангизлар. Балким инсофга кириб, чироқни ёқишармиди? Газни-ку, эсидан чиқариб юборишганига анча йил бўлиб кетди”.

“Ассалому алайкум, ҳурматли Kun.uz таҳририяти аъзолари. Бериб бораётган янгиликларингиз кишини қувонтиради. Айниқса, муаммоли ҳолатларга ечим топишга ёрдам беришларингиз таҳсинга лойиқ. Шунақа муаммолар бизда мавжуд. Электр токини умуман беришмаяпти. Мен Самарқанд вилояти, Нарпай туманиданман. 110 деган "свет линияси" бор. Бизнинг қишлоқ ва яна 5 қишлоқ шу линияга уланган. Президент қабулхонасига ҳам ёздим. Нимагадир жавоб  келмаяпти. Сизлардан илтимос, шу масалада ёрдам берингизлар. Ишингизга муваффақият тилаб мухлисингиз Баҳодир Турдиев”.

Зокир исмли яна бир фуқаро шундай арз қилди: “Чироқсиз қолаётган шаҳрисабзликлар тўғрисидаги иккинчи мақолада халқни айблаб ёзиб электр тармоғи корхонасидагиларни дардига малҳам қўйдингизлар. Аввал бир неча соат берилаётган электр энди дақиқаларга ўтиб қолди. Халқнинг бир фоизини ҳам ташкил этмайдиган бир гуруҳ қоидабузарларни деб бутун бир халқни айблаш тўғри бўлмас-ов. Ариза муаллифлари: Зокир, Ҳусниддин, Шавкат, Эрик”.

Шавкатжон исмли фуқаро шундай ёзади: “Ассалому алайкум. Нафақат Самарқандда, балки бизнинг қишлоқда ҳам зулмат. Электр энергияси ҳар куни икки ёки ўн дақиқа бўлса майлига, соатлаб ўчирилади. Бизнинг манзил: Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Шаханд қишлоғи. Нега бундайлигини халигича ҳеч ким изоҳламайди. Шу масалада аниқлик киритиб ёрдам берсангиз хурсанд бўлардик”.

“Илтимос, шаҳрисабзликларни чироқ масаласини бошқа ёзманглар. Сизлар мақола ёзган кундан бошлаб, суткасига 20-10 дақиқа электр беришяпти. Телефон аппаратларини ҳам қувватлаб бўлмаяпти. Илтимос бошқа ёзмангизлар.  Умуман шу 20 дақиқани ҳам бермай қўйишади. Иккинчи Шахрисабзни электр масаласини ёзманглар. Мана шу мақола чиққанидан бери олдингидан минг марта ёмонлашди ҳолат”, деб ёзади Рустам исмли фуқаро.

“Ассалому алайкум, ҳурматли KUN.uz сайти жамоаси. 2017 йилнинг 18 январь куни саҳифаларингизда эълон қилинган “Самарқандни "зулмат"дан ким қутқаради?” деб номланган мақолангизни ўқиб ушбу мактубни тақдим этишни лозим топдим. Самарқандлик ҳурматли журналист биродаримиз Т. Рахматуллаев хақли муаммони олиб чиққанларига минг бор рахмат айтаман. Аммо биродаримиз ўн кунлик электр энергиясидаги узилиш муаммоларини долзарблигини айтибдилар-у, Самарқанд вилояти туманларида, мана, бир неча йиллардирки электр энергияси ва табиий газнинг узлуксиз йўқлиги муаммоси билан ҳам қизиқиб кўрмабдилар. Шунча йиллар давомида куни билан электр энергиясиз ёки уйида газ йўқлиги сабабли ейишга нон тополмаса ҳам бор бисотига кўмир ёки ўтинни фалон сўмга сотиб олаётган, қурби етмаганлиги сабабли совуқда бир амаллаб кунини минг азоб билан: "эртага газ ёинки электр бўлиб қолар, эртага хаммаси яхши бўлар балким", деб ўтказаётган, хали суяги қотмаган гўдаклар-у қарилик гашти билан умр кечираётган туманлар аҳолиси нима қилсин, қаерга бош уришсин, кимга додини айтишсин? Тўғри, ҳозирда ҳаммаси аввалгидан анча яхши томонга ўзгараяпти. Аҳоли дарди билан ҳисоб- китоб киладиган, аҳоли ноласини тинглайдиган адолатпарвар юртбошимизни бизга Яратганнинг узи инъом этди. Минг шукрлар бўлсин! Юртбошимиз илтифотлари билан энди ҳаммаси ўзгача бўлади, барча раҳбарлар халк билан хисоб-китоб қилади”, деб ўз фикрларини мактуб орқали изҳор этган Ҳусанбек Ҳамидов.

“Чироқсиз қолаётган шаҳрисабзликлар ёхуд икки қўлдан чиққан қарс” ва “Ўртага ташланган танга: Шаҳрисабзнинг чироқ масаласи унинг қайси томонида?” деб номланган таҳлилий мақолани ўқиб чиқиб, очиғини айтсам ажабланмадим. Сабаби бу муаммо бутун мамлакатга тааллуқли. Аниқ ва лўнда гапирганда “Биз электр энергияси” бўйича ҳозирча мустақил эмасмиз ва буни ҳамма тушунади. Менимча, бу масалага ёндашиш нотўғи бўлмоқда. Мақолада келтирилга мисол ва рўжулар аслида белгиланган жадвал асосидаги электр таъминоти бўйича бўлмоқда. Шундай чекка жойлар борки (масалан, мен яшайдиган қишлоқ) 24 соат мобайнида 2 ёки 3 соат “чироқ” ёнади. Вилоят ҳамда туман ХЭТК боравериб, уларнинг ваъдалари-ю юзсизликларини кўравериб, одамнинг дийдаси қотиб кетади. Бу масаланинг энг ёмони, энг алам қиладиган томони ҳаммаси қиш мавсумида бошланади. Нега? Ёки қишги мавсумда одамлардан фойда йўқлигиданми? Иккинчи томони эса ундан хам даҳшат: “Аҳолини электр энергиясидан бўлган қарздорлиги”. Тўғри, қарздорлик бор, лекин “Нега қарз?”, дегани ҳеч ким йўқ. Шундай туманлар бор-ки, бирорта ишлаб чиқариш корхонаси ёки ташкилот йўқ, лекин юз минглаб аҳолиси бор. Улар эрта баҳордан то кеч кузгача тиним билмай ишлайди. Ишлаб топгани 500-600 боғлам ғўзапояси, 5-6 литр ўсимлик мойи ва яна алланималар. Шундай бўлгандан кейин қарз бўлади-да. Аҳоли бандлиги билан шуғулланувчи ташкилотларга мурожаат қилсангиз “Бизнинг туманда бор-йўғи 5 ёки 7 фоиз ишсиз”, деб бонг уради. Аслида-чи, нари борса 10 фоиз иш билан банд. Майли, чироқларимизни ўчиришсин, лекин инсоф билан-да, келишилган ва тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилса, менимча ҳеч ким норози бўлмайди. Чеклов тартиби ва қоидалари “Истеъмолчи” ва “Таъминотчи” билан ўзаро тузилган шартноманинг “6. ТАРАФЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ ВА ФОРС-МАЖОР” бандида бу тўғрисида батафсил белгилаб қўйилган. Афсуски ТХЭТК ходим ва мутасаддилари бу банд мазмуни нималарни англатишини умуман билмайдилар, ҳатто ўқиб ҳам чиқишмаган. Баҳор. Андижон вилояти, Марҳамат тумани”.

“Салом ҳурматли Кун.уз таҳририяти. «Самарқандни зулматдан ким қутқаради?», деган мақолани ўқиб, одамнинг энсаси қотади, тўғриси. Шахсан мен Андижон вилояти, Пахтаобод туманиданман. Турмуш ўртоғим Самарқанд вилоятидан, у ерда чироқ бир соатларча ўчади, холос. Мен у ерда яқинда бир хафтадан зиёдроқ бўлиб қайтдим. Ахир шу фожиа бўлса, андижонликлар яъни пахтаободликлар нима ҳам дейиши мумкин? Чунки бизда эталаб 6:00 дан 10:00 гача оқшомда эса баъзан 19:00дан 21:00гача (инсоф берса) йўқса ундан ҳам камроқ ток беришади. Қўнғироқ қилсангиз, айибни вилоятга тўнкашади. Энг ёмони электр қачон ёнади-ю қачон ўчади, аниқ билмайсиз, бу ҳам навбатчининг инсофига боғлиқ. Бир гап гапирсангиз қарздорлик кўп эмиш, лекин 5000 сўм қарз бўлсангиз дарров узиб кетишади, билмадим нима қилиш керак. Қарзи бор одам бўлса, саноқли бордир, лекин ўша нонкўрларни деб бутун аҳоли зулматда қолиши керакми?”, деб ёзади Мавлонбек исмли фуқаро.

Қудрат деган фуқаро қуйидаги мазмундаги қисқа мурожаатини йўллаган: “Нафақат Шаҳрисабз балки Чироқчининг Чиялида ҳам 3 суткадан буён электр йўқ. Ахир бу ернинг 70 минг аҳолиси бор”.

Ушбу мактублар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган. Фуқаролар ўз муаммоларини, яъни яшаш манзилларидаги электр таъминоти ҳамда табиий газга бўлган эҳтиёжларини мактуб орқали битиб юборишган. Бу ҳақида кўп гапириляпти, ёзиляпти, муҳокама қилиняпти. Фуқароларимиз ўз ҳуқуқларини чуқур англаб етаётгани, уларнинг сўзлари, фикрларидан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу бир томондан кишини қувонтиради, албатта. Зеро ҳуқуқ бор жойда мустақиллик бўлади. Мустақиллик эса тараққиёт демакдир.

Top