11:34 / 29.04.2017
7196

Трамп навбатдаги президентлик сайловида демократлар номзоди ким бўлишини тахмин қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йили бўлиб ўтажак президентлик сайловида Демократик партия номзоди ким бўлиши борасида тахминларини илгари сурди. Унинг фикрича, 2020 йилги президентлик сайловида Массачусетс штати сенатори Элизабет Уоррен номзод бўлиши мумкин. Америка етакчиси Жоржия штати Атланта шаҳрида бўлиб ўтган Миллий мерганлар уюшмаси (ММУ) конференциясида шундай қарашни билдирган. 

"Мен ҳис қилаяпман, келгуси сайловларда сизларни номзодлар билан кўмиб ташлашади. Сизларнинг қаршингизда кўплаб демократлар бўлади, - деган Трамп. – Бу  Покахонтас ҳам бўлиши мумкин. Сўзларим ёдингизда қолсин".

Трамп 2016 йилги сайловолди кампанияси чоғида Уорренни Покахонтас деб атаган эди. Республикачининг айтишича, сенаторнинг ҳиндулар авлоди эканига доир маълумотлари уйдирмадир. 

Америка етакчисининг фикрига кўра, унинг (Уоррен) президентлиги ММУ яхшилик келтирмайди. "Мен бир нарсани аниқ айта оламан, у ММУнинг тарафдори эмас", - деб қайд этган давлат раҳбари. 

Шу билан бирга, Трамп ўзини ММУ дўсти деб атаган. "Оқ уйда сизларнинг дўстингиз ва ҳимоячингиз бор", - деб таъкидлаган давлат раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Трамп маъмурияти Конституцияга киритилган ва ўқотар қурол харид қилишни ва олиб юришни кафолатловчи иккинчи тузатишга риоя этилиши устида ишлайди. 

"Саккиз йилдан бери сизларнинг иккинчи тузатиш билан кафолатланган эркинликларингизни чеклашга қаратилган уринишлар барбод бўлди", - дея уқдирган Трамп. 

Оқ уй раҳбарининг айтишича, эндиликда ҳукумат "фуқароларнинг қурол олиб юриш ва сақлаш ҳуқуқини поймол қилмайди", балки "бунинг ўрнига ММУ томонида ишлайди".

У, шунингдек, қурол олиб юришни чеклашни илгари сураётган демократларни танқид қилди. "Бизнинг полициячилар ва шерифларимиз яхши билишади, агар қурол олиб юриш тақиқланса, фақат жиноятчилар қуролланишади", - деган давлат раҳбари.

Таъкидланишича, Трамп 1983 йилдан бери илк маротаба ММУ анжуманида қатнашган ва маъруза қилган илк Америка президенти бўлди. 

Top