17:06 / 01.05.2017
5336

Ахборот технологиялари вазирлиги энг яхши журналистик ишлар учун танлов ташкил этмоқда

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ахборот-коммуникация технологиялари мавзусида энг яхши журналистик ишлар учун “Ҳамкор журналист” танлови ташкил этилмоқда.

Танловнинг асосий мақсади – ОАВ ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига бағишланган медиа материалларни кўпайтириш орқали жамиятимизда ахборотлаштириш, “электрон ҳукумат”, телекоммуникация технологиялари йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг фуқаролар ҳаёти ва турмуш тарзини қулайлаштиришдаги аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг АКТ бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, жумладан “электрон ҳукумат” тизимининг янги хизматлари ва қулайликларидан хабардор қилиш, ОАВ вакилларини рағбатлантириш ва жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, жумладан давлат ва хусусий ОАВ – газета, радио, телевидение, ахборот агентликларида ва интернет нашрларида фаолият олиб борувчи журналистлар иштирок этишлари мумкин.

Унинг ғолибларини аниқлаш 2 босқич – танловда иштирок этиш учун тақдим этилган медиа маҳсулотларни қабул қилиш ва саралаш жараёнларидан иборат бўлади.

Танловга қуйидаги 4 йўналишдаги материаллар 2017 йилнинг 10 апрелидан 25 августига қадар қабул қилинади: телевидение, радио, босма ОАВ, электрон ОАВ.

Танловда иштирок этиш истагида бўлган ОАВ вакиллари ўзлари муаллифликларида, 2017 йилнинг 10 апрелидан сўнг эълон қилинган телевизион, босма, радио ва интернет материалларини жорий йилнинг 25 августига қадар Вазирлик ахборот хизматига тақдим этишлари керак. Унга мамлакатимизда АКТ соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг аҳамияти кенг ёритилган таҳлилий-танқидий материаллар қабул қилинади.

Танловга тақдим этилган журналистик материаллар Ҳакамлар ҳайъати томонидан қуйидаги асосий мезонлар бўйича баҳоланади: мавзунинг долзарблиги, мавзунинг ёритилиши – таҳлилий-танқидий жиҳати, аҳоли учун содда ва тушунарлилиги, журналистик ёндашув – фикр, хулоса ҳамда таклифлар. 

АКТ мавзусида энг яхши журналистик ишлар учун танловининг биринчи ўрин ғолиблари: диплом, ноутбук, танлов статуэткаси, иккинчи ўрин ғолиблари – диплом, планшет, танлов статуэткаси, учинчи ўрин ғолиблари – диплом, смартфон, танлов статуэткаси билан тақдирланадилар.

Top