18:39 / 06.05.2017
28838

Мирзиёев Яшнобод туманига ташрифи чоғида кутилмаганда оилавий поликлиникага кирди

Фото: ЎзА

Президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманига ташрифи чоғида кутилмаганда 32-оилавий поликлиникага кирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Давлат раҳбари поликлиниканинг иш тартиби билан қизиқди. Муассасанинг самарадорлигини ошириш, уйларга чиқиб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Мобиль тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш, поликлиникани таъмирлаш ва аҳоли учун қулайликларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди. 

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади. Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувларида халқнинг ичига кириб, уларнинг дарди, муаммолари, таклифларини эшитиш лозимлигини алоҳида қайд этганди. 

Президент соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан бир неча маротоба учрашиб, бирламчи тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзининг тавсияларини берди. Соҳа ривожи йўлида бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилинди, уларнинг ижроси изчиллик билан таъминланмоқда. 

Бу борадаги ислоҳотлар Яшнобод туманидаги 32-оилавий поликлиника фаолиятида ҳам намоён бўлмоқда. Асалобод, Маърифат, Ширинобод, Жўрабек, Яссавий, Бойсун маҳаллаларидаги 27 минг 285 аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Болалар ва туғиш ёшидаги аёллар, кексалар чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилмоқда. 

Давлат раҳбари ташаббуси билан пойтахтдаги ҳар бир поликлиникага тез тиббий ёрдам машиналари ажратилди. 32-оилавий поликлиникада ҳам тез тиббий ёрдам пункти кечаю кундуз ишламоқда. 

Президент поликлиника жойлашган маҳалладаги одамлар билан мулоқот қилди. 

Top