10:30 / 16.05.2017
14168

ОАВ Трамп Лавровга махфий ахборотларни бергани ҳақида ёзди, демократлар ғазабга келди

Фото: Оқ уй

Washington Post нашри АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган ҳафтада Оқ уйда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашув вақтида унга ИШИД бўйича маълумотларни маълум қилгани ҳақида мақола ёзди.

Газета ўз номини ошкор этишни истамаган манбаларга таянган ҳолда ёзишича, бу ўта махфий маълумотлар бўлган, манбалар бу айнан қандай маълумотлар эканига ойдинлик киритишмаган.

Нашрнинг ёзишича, Трамп Лавровга хорижий ҳамкорлар томонидан тақдим этилган разведка маълумотларини берган.

Хабарда тасдиқланишича, бу маълумотлардан АҚШ ҳарбий амалдорларининг бир неча нафаригина хабардор эди. Шунингдек, ахборотларни тақдим этган ҳамкор давлат бу маълумотларни бошқа билан бўлишишга рухсат бермаганди.

Трамп Лавров билан учрашувдан кейин Марказий разведка бошқармасига ҳамда Миллий хавфсизлик агентлигига қўнғироқ қилиб, вазиятни муҳокама қилган.

Оқ уй инкор этади

Оқ уйдагилар бу маълумот ёлғонлигини маълум қилишди.

«Бу ёлғон мақола. Президент фақат икки давлатга ҳам хавф солиб турган таҳдидларни муҳокама қилди», деган президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Дина Пауэлл.

Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси генерал Герберт Макмастер ҳам масалага жиддий ёндашди.

«Улар айтаётган гапларнинг бари ёлғон. Президент ва Россия вазири  террорчилик ташкилотларидан мавжуд хавфлар, шунингдек, авиация хавфлари тўғрисида суҳбатлашишди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам разведка маълумотлари ошкор этилмайди, ҳарбий амалиётлар режалари маълум қилинмайди», деган Макмастер.

АҚШ давлат департаменти бошлиғи Рекс Тиллерсон ҳам бу маълумотни инкор этди. У президент россиялик сиёсатчи билан терроризмга қарши кураш масаласин муҳокама қилгани ҳақида айтди.

Демократлар муносабати

Америка жамоатчилиги ушбу янгиликка тезда муносабат билдирди. Спикер Пол Райан президент маъмуриятидан дарҳол изоҳ талаб қилди, демократлар Трампни танқид қилишни авж олдиришди.

Сенатор-демократ, Конгресснинг разведка қўмитаси раиси ўринбосари Марк Уорнер бу ҳолатни «разведка мағлубияти» деб атади.

«Агар бу рост бўлса, разведкамиз учун шармандали мағлубиятдир. Разведка манбалари ҳамда усулларини русларга очиқлашни оқлаб бўлмайди», дея ёзган у ўз твиттерида.

Яна бир сенатор-демократ Патрик Лихи бу маълумот рост бўлиб чиқса, «республикачилар ҳам, демократлар ҳам бирдек бу қарорни қаттиқ қоралаши кераклиги»ни айтган.

«Биз «Алиса мўъжизалар мамлакатида» ҳолатига тушиб қолдик», деган Лихи CNN эфирида.

«Бу хавфли ва кўр-кўрона қадамдир. Республикачилар партияси мамлакат манфаатларини биринчи ўринга қўйиши ва зудлик билан бу борада мустақил текширув ўтказиш ҳамда махсус прокурорни бу ишга жалб қилишни талаб этиши керак», дея ёзди твиттерида демократ сенатор Ричард Дурбин.

Бундан аввал ҳам Америка нашрларида Трампнинг Лавров билан учрашуви борасида турли тахминлар билдирилган мақолалар чоп этилган, бу «Трампнинг Россия билан алоқалари» ҳақидаги текширувлар фонида рўй берганди. Қолаверса, Овал кабинетдаги учрашувдан «бу — ёпиқ тадбир» экани иддао қилиниб, АҚШнинг барча журналистларини чиқариб юборишгани айтилди. Шу билан бирга хонада ТАСС фотомухбири қолишига рухсат берилган.

Кейинроқ буни Оқ уй ҳам, Россия ТИВ ҳам инкор этди, учрашув вақтида икки томондан ҳам фотомухбир бўлган.

10 май куни Трамп Лавров ҳамда Кисляк билан Оқ уйдаги Овал кабинетида учрашганди. Расман маълум қилинганига кўра, учрашувда Суриядаги хавфсизлик масаласи, Башар Асад, Эрон ва Украина мавзулари муҳокама этилган.

Учрашув атрофидаги можаролар фотосуратларни фақат ТАСС агентлиги эълон қилгач бошланганди.

Top