16:34 / 17.05.2017
11218

Боку—2017. Ўзбекистонлик икки боксчи финалга чиқди, яна икки нафари ярим финал жанги арафасида

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

Бугун, 17 май куни Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида IV «Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари»нинг олтинчи кунги мусобақалари давом этди.

Бугун Ўзбекистон бокс жамоасининг 5 нафар вакили рингга кўтарилиши белгиланганди. 
Ярим финал иштирокчилари
-49 кг: Мироншоҳ Ибрагимов
-52 кг: Аброр Қодиров
-56 кг: Абдулхай Шораҳматов
-64 кг: Алёр Норалиев
-69 кг: Бобо-Усмон Батуров

Айни вақтга келиб уларнинг 3 нафари ўз иштирокини ўтказиб бўлди.

Мироншоҳ Ибрагимов ярим финалда ироқлик Носир Ҳасанга 2:3 ҳисобида ютқазди. -56 кг вазн тоифасидаги Абдулҳай Шораҳматов эса озарбойжонлик Тайфур Алиевни 5:0 ҳисобида мағлуб этди. У финалда туркманистонлик Мередов Ёқуб билан рақиб бўлади.

-64 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Алёр Норалиев эса ярим финалда Қозоғистон вакили Куан Кувватов билан муштлашиб, ғолиб келди (5:0). Унга 18 май кунги финал баҳсида мисрлик Муҳаммад Ислом рақиблик қилади.

Яна икки боксчи, Аброр Қодиров (-52 кг) ва Бобо-Усмон Батуров (-69 кг) ўз жангларини бир неча соатдан кейин ўтказади. Аброр Қодировнинг ярим финалдаги рақиби марокашлик Дара Абдуллайи бўлса, Бобо-Усмон Батуров суриялик Аҳмад Ҳуссанга қарши чиқади.

Маълумот учун, Ўзбекистон бокс терма жамоаси Бокуга 9 нафар боксчи билан жўнаб кетганди. Улар орасидан 4 нафар боксчи: Улуғбек Дўстмуродов (-60 кг), Маҳмуд Ғоипов (-75 кг), Мадиёр Саидраҳимов (-81 кг) ва Сардор Бегалиев (-91 кг) медаллар учун курашдан чиқиб кетган.

Top