11:15 / 17.05.2017
14724

Петербургда ўз юртдошини ёлланма қотил орқали ўлдирмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси 4 йилга қамалди

Фото: Fotolia

Петербургдаги суд 1956 йилда туғилган ўзбекистонлик тадбиркорни ёллаш орқали қотилликка тайёргарлик кўришни ташкил этишда айбдор деб топди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург шаҳри бўйича бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, номи ошкор этилмаган шахс 1983 йилда туғилган ўз ҳамюртига рашк туфайли шахсий адоватда бўлган ва уни ўлдиришга қарор қилган.

2016 йилнинг 16 июнь куни кечки пайт у Виборг тумани ҳудудида хусусий детектив агентликларидан бирининг ходимига жабрланувчини ўлдириш учун 45 минг евро миқдорида пул беришга тайёр эканини билдириб, тегишли таклифни берган. Бироз вақт ўтиб унга 24 минг 120 евро миқдорида аванс ҳам берилган. Бироқ, агентлик ходими бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган.

“2016 йилнинг 6 июль куни Косигин шоҳ кўчасида жойлашган 27-уйда жиноятчи “ёлланма қотил”дан гўёки жабрланувчи ўлдирилгани ҳақида сохта фотосуратлар олган ҳамда унга яна 20 минг евро берган, шундан сўнг у полиция ходимлари томонидан ушланди”, - дея таъкидланади хабарда.

Суд ҳукми билан ўз юртдошини ўлдирмоқчи бўлган фуқаро 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Top