09:52 / 21.05.2017
22463

Трампнинг Ар-Риёдга ташрифи: рекорд қийматдаги қурол-аслаҳа битими ва ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик 

Фото: EPA

АҚШ президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташрифининг илк куни АҚШ тарихидаги энг йирик қурол-аслаҳа битимини тузишга муваффақ бўлди. Саудия Арабистони ва АҚШ ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик ҳақида келишиб олдилар ва 280 млрд долларлик бир қатор келишувларни имзолашди.

Оқ уй расмий вакили Шон Спайсернинг маълум қилишича, рекорд қийматдаги мудофаа шартномаси қиймати 109,7 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилди.     

Ушбу келишувлар қироллик қуролли кучларини модернизациялаш, жумладан ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини ва "ақлли қурол"ни такомиллаштириш, бошқа турдаги қурол-аслаҳа ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштиришни кўзда тутади. Бундан ташқари, АҚШ Саудия Арабистонига 10 йил давомида 350 млрд долларлик қурол-аслаҳа етказиб бериш истаги ҳақидаги меморандумни имзолади.

Икки давлатнинг тегишли вазирликлари Саудия Арабистонининг ахборот технологияларини ривожлантириш корпорацияси ва Apple ўртасидаги меморандумни, электр энергетика, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва авиаташувлар соҳаларидаги келишувларни имзоладилар.  

Қиролликнинг технологиялар, инфратузилма ва турар-жой сектори, нефть-кимё саноатини ривожлантириш бўйича қўшма инвестицион лойиҳалар тасдиқланди. Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть компанияси америкалик ҳамкорлар билан умумий қиймати 50 млрд долларлик келишувлар имзолади. 

Трапмнинг ташрифи билан параллел равишда АҚШ-Саудия Арабистони иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Унинг давомида АҚШнинг 50 та компанияси ва Саудия Арабистонининг 40 та компанияси ижрочи директорлари бир қатор келишувларни тузишди. Учрашув иштирокчилари ушбу форум ҳар йили ўтказилиши кераклигига келишиб олдилар. 

Ар-Риёдда ўтган ушбу форумнинг якуний ҳужжати узоқ муддатли ҳамкорлик ҳақидаги декларация бўлди. Декларацияда давлатларнинг ўзаро таҳдидларга, биринчи навбатда "Яқин Шарқдаги барқарорлик ва хавфсизликни хавф остига қўяётган" экстремизмга қарши курашиш истаклари билдирилган. 

Давлатлар камида бир йилда бир марта учрашадиган қўшма маслаҳатлашув гуруҳини шакллантиришга келишиб олдилар. Бу гуруҳ икки томонлама ҳамкорликнинг йўналишларини белгилаш учун яратилади.

Эрон сиёсати мавзуси АҚШ ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг якуний матбуот-анжуманидаги энг асосий мавзулардан бири бўлди. Трампнинг Саудия Арабистонига ташрифи Эрондаги президентлик сайловлари билан бир вақтга тўғри келди. Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр журналистларнинг Ҳасан Руҳонийнинг яна бир муддатга Эрон президенти этиб сайланганидан нималар кутиш кераклиги ҳақидаги саволларига "Эрондаги сайлов ва Руҳонийнинг қайта сайланиши бу уларнинг ички ишидир, бизни алоҳида шахслар эмас, бу давлатнинг муайян ҳаракатлари кўпроқ қизиқтиради", деб жавоб берди.
Ал-Жубайр Теҳронни террорчиликни қўллаб-қувватлашда ва минтақадаги ишларга аралашувда айблади. "Эрон араб давлатлари ишларига аралашмоқда ва террорчиликни қўллаб-қувватламоқда, у энг йирик террорчилик ташкилоти "Ҳизбуллоҳ"ни яратган. Улар Сурия ва Ямандаги террорчиларни молиялаштирадилар, жумладан менинг давлатимда терактлар содир этганлар. Бу яхши қўшничилик тамойиллари билан ҳеч қандай умумий жиҳатга эга эмас, бу нормал муносабатлар истаётган давлатнинг хатти-ҳаракатларига мутлақ хос эмас", деб айтди Ал-Жубайр.

"Биз дунёни, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қиладиган ва бошқалар ишига аралашмайдиган Эронни кўришдан хурсанд бўламиз. Бироқ биз кўраётган Эрон мутлақ ўзгача", деб қўшимча қилди Ал-Жубайр. У шу сабабли Эронга янги санкциялар киритишга чақирди.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон, ўз навбатида, АҚШ араб қиролликлари Эрон таъсирига қарши тура олишлари учун уларнинг мудофаа салоҳиятларини мустаҳкамлаш истагида эканлигини айтди. 

АҚШ президентининг деярли ҳар бир қадамини кузатиб борган араб ОАВларининг эътиборини расмий маросимлардан ташқари, Трампга сафарида ҳамроҳлик қилган рафиқаси Меланья Трамп ва қизи Иванка Трампнинг ташқи кўринишлари ҳам тортди.

Top