07:49 / 24.05.2017
4374

Пентагон Ироқ, Сурия ва Афғонистонда қўшинлари сонини оширмоқчи эмас

Фото: AFP

АҚШ мудофаа вазирлиги Ироқ, Сурия ва Афғонистонда қўшинлари сонини оширмоқчи эмас. Бундан 2018 молиявий йил (1 октябрдан бошланади) учун мудофаа вазирлиги бюджет лойиҳаси дарак бермоқда. 

Унга кўра, "Саботли қатъият" операциясида иштирок этаётган ҳарбийлар сони жорий йилга нисбатан ўзгаришсиз (5765 ҳарбий) қолади. Операция АҚШ ва унинг иттифоқдошлари томондан Ироқ ва Сурияда 2014 йилдан бери ИШИДга жангариларига қарши олиб борилмоқда.

АҚШ Афғонистонда ўтказаётган "Озодлик қўриқчиси" операциясида иштирок этаётган ҳарбийлар сонини эса 8674 кишидан 8448 кишигача камайтирилмоқчи. Ушбу операция Афғонистонда ИШИД ва "Толибон" жангариларига қарши олиб борилмоқда.   

АҚШнинг барча хорижий ҳарбий операцияларида иштирок этаётган ҳарбийлари сонини тахминан 4 мингга (56,3 минггача) қисқартириш режалаштирилмоқда. 

АҚШ маъмурияти 2018 йил учун мудофаа вазирлиги бюджети лойиҳасини конгрессга киритди. Унда Афғонистон хавфсизлик кучларига ёрдамни ошириш кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, Афғонистон армияси ва полициясининг махсус фонди бўйича 4,9 млрд доллар ажратиш кўзда тутилган, жорий йилда бу рақам 4,2 млрд долларни ташкил қилади.    

700 млн доллардан кўпроқ маблағ собиқ Иттифоқ ва Россия авиатехникасини АҚШ авиатехникасига ўзгартиришга йўналтирилади. Жорий йилда бу дастур қиймати 814 млн долларни ташкил қилади. 

Шунингдек, Ироқ ва Суриядаги операцияларга харажатларни кўпайтириш мўлжалланмоқда. 

Бюджет лойиҳасига кўра, "Саботли қатъият" операцияси ва у билан бирга кечадиган операцияларга 13 млрд доллар ажратиш кўзда тутилган, яъни бу жорий йилгидан 1,1 млрд долларга кўпроқ бўлади. 

Шу билан бирга ИШИДга қарши кураш бўйича махсус жамғармага бошқа маблағ ажратиш режалаштирилмаган (жорий йилда бу мақсадда 2 млрд доллар ажратилган).

Бюджет лойиҳасини конгресснинг икки палатаси тасдиқлаши керак, шундан кейин у АҚШ президентига имзо қўйиш учун тақдим этилади.  

Top