08:21 / 12.06.2017
9645

Пуэрто-Рико фуқаролари АҚШга қўшилиш учун овоз беришди

Фото:AP Photo/Carlos Giusti

Якшанба куни Пуэрто-Риконинг мақоми бўйича ўтказилган референдумда аксарият фуқаролар бу ҳудуднинг АҚШга 51-штат сифатида қўшилишини маъқуллашди. Бундан овозларни ҳисоб-китоб қилиш жараёни натижалари дарак бермоқда.

Натижаси тавсиявий аҳамиятга эга бўлган референдум расмий сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, сайлов участкаларига 2,29 млн кишидан 509 мингга яқини келган. Қатнашчиларнинг тахминан 97 фоизи Пуэрто-Рикони АҚШнинг 51-штатига айланиши ғоясини қўллаб-қувватлашди.

Архипелагнинг аввалги мақомини сақлаб қолиш учун эса сайловчиларнинг 1,5 фоизи овоз берди. Октябрь ойида овоз беришнинг яна бир турини ўтказишни референдумда қатнашганларнинг 1,3 фоизи қўллаб-қувватлади.

Референдумни ўтказиш ғояси архипелагни АҚШ таркибига янги штат сифатида киришини қўллаб-қувватловчи партиядан чиқди. Унинг вакиллари тахминича, бу Пуэрто-Рикога жиддий молиявий қийинчиларни енгиб ўтишда ёрдам беради. Фуқароларнинг овоз бериш натижалари АҚШ конгресси учун тавсиявий аҳамиятга эга бўлади.

Аввалроқ Пуэрто-Рикони АҚШнинг янги штати бўлишига қарши чиқаётган маҳаллий сиёсий кучлар референдумни бойкот қилишлари ҳақида хабар берилганди. The Washington Post газетасининг таъкидлашича, АҚШ Конгрессидаги республикачилар архипелаг мақомини ўзгартиришга йўл қўймадилар. Бунга сабаб – агарда Пуэрто-Рико Американинг 51-штатига айланса, унинг фуқаролари демократлар партиясини катта эҳтимол билан қўллаб-қувватлайди.

Пуэрто-Рико ҳукумати жиддий иқтисодий инқироз сабаб 70 млрд долларлик қарзларидан қутула олишмаяпти. Қарздорликни қайта тузиш борасидаги маслаҳатлашувлар эса ҳеч қандай натижа олиб келмади.

Пуэрто-Рико губернатори Рикардо Роселлонинг умид қилишича, Вашингтондагилар референдум натижаларини ҳисобга олишади. 

"Бугунги кундан бошлаб федерал ҳукумат Пуэро-Риконинг америкалик фуқаролари фикрини инобатга олмасликка ҳақи йўқ", - дея Роселлонинг сўзларини келтиради Associated Press агентлиги. Губернаторнинг қўшимча қилишича, "Вашингтондагилар бундай ҳолатда дунёнинг бошқа қисмларида демократияни талаб қилишлари тушунарсиз бўларди".

Top