16:31 / 17.06.2017
6362

Мирзиёев Гельмут Коль вафоти муносабати билан Германия президентига ҳамдардлик билдирди

Фото: Reuters

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикасининг Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга Германиянинг собиқ Федерал канцлери Гельмут Коль вафот этганлиги муносабати билан мактуб йўллади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари мактубида шундай дейилади: 

“Жаноб Коль бизнинг хотирамизда жаҳон миқёсидаги йирик сиёсий лидер ва ГФРнинг атоқли давлат арбоби сифатида қолади. Унинг номи билан Германиянинг бирлашиши ва Европа Иттифоқининг яралиши каби жаҳон тарихидаги муҳим сиёсий воқеалар чамбарчас боғлиқ.

У, шунингдек, давлатларимиз ва халқларимиз ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик ва дўстона алоқалар ўрнатилиши ва ривожланишида катта ҳисса қўшган.

Менинг таъзиямни қабул қилишингизни ҳамда жаноб Колнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Германия халқига самимий ҳамдардлик сўзларимни етказишингизни сўрайман”.

Top