15:30 / 30.07.2017
11445

Андижонда одам савдоси муаммосига бағишланган семинар бўлиб ўтди

29июль куни Андижон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида “Одам савдоси - давр муаммоси” мавзусида семинар бўлиб ўтди.   

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман), вилоят Ички ишлар бошқармаси ва прокуратураси, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Андижон вилояти ҳудудий идоралараро комиссияси аъзолари, сиёсий партиялар, вилоят Ёшлар иттифоқи кенгаши, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, ННТ, ОАВ ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади - 30 июль – Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан “Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни” деб белгилангани муносабати билан мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини аҳолига, шу жумладан, ёшларга, хотин-қизларга етказиш орқали уларни одам савдоси жиноятининг жабрланувчиларига айланиб қолишини олдини олиш.

Одам савдоси дунё халқларини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бири бўлиб, у ҳудуд ва чегара танламайди. Шу боис ушбу жиноятга қарши самарали кураш олиб бориш, бунда ҳам мамлакат ичида бирлашиш, ҳам давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мамлакатимизда етарлича норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган. Қолаверса, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид 60дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган ва БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган 6та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланган. Шунингдек, хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосига қарши курашишга қаратилган 30га яқин шартнома ва келишувлар имзоланган.

Тадбир давомида, одам савдосига қарши курашиш, бу борада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида қайд этилди. 

Хусусан, 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунда одам савдосига қарши курашиш тизимини ташкил этиш тартиби, ваколатли органлар ва уларнинг вазифалари, шунингдек, одам савдоси жинояти жабрланувчиларининг ҳимояси ва ижтимоий-ҳуқуқий реабилитацияси масалаларига оид нормалар мустаҳкамланган. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларга содиқлигини ва ўзининг халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажараётганини тасдиқловчи яна бир далил бўлиб хизмат қилмоқда.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий – ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли Қарори қабул қилинди.

Қарор билан, одам савдоси билан боғлиқ ва бошқа турдаги жиноятчиликнинг профилактикасини амалга ошириш давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари, шунингдек хўжалик бошқаруви органларининг устувор вазифаси эканлиги қайд этилди.

Семинар давомида одам савдоси муаммосининг долзарблиги, давлатимиз томонидан ушбу жиноятга қарши курашиш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Трансмиллий кўринишга эга бўлган одам савдосига қарши курашиш учун барча давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда алоҳида белгиланган одам савдосидан жабрланган ёшларга ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганларнинг қаровсизлиги ва назоратсиз қолишига ҳамда улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишига сабаб бўладиган ҳолатларни аниқлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир давомида одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик масалалари, одам савдоси жиноятларини аниқлаш ва фош этишда тезкор-қидирув тадбирларининг ўрни, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишнинг ўзига хос жиҳатлари, одам савдоси жиноятининг асосий унсурлари, шу жумладан, вояга етмаган жабрланувчиларнинг психологик ва ҳуқуқий ҳолатини аниқлаш усуллари, жабрланувчиларга кўмаклашиш каби масалалар юзасидан қизғин баҳс-мунозара бўлди.

Тадбир якунига кўра,одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этишнинг қўшимча чораларини кўриш ҳамда одам савдосидан жабрланган фуқароларга ижтимоий-иқтисодий ёрдам бериш чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқлиги, мазкур йўналишда, энг аввало ҳамкорликдаги фаолиятни янада кенгайтириш, асосийси одам савдосига имкон яратаётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этишга доир ишларнинг самарадорлигини ошириб, одам савдоси асоратларидан жамиятга етказилиши мумкин бўлган салбий оқибатларни кескин камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Top