17:10 / 24.08.2017
21697

Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари биринчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирланди

Фото: President.uz

Президент Шавкат Мирзиёевнинг  “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида”ги фармони билан мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик тантаналари арафасида тиббиёт соҳасининг бир гуруҳ етакчи олимлари тақдирланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берган.

Биринчи даражали Давлат мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази илмий бўлим раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Флора Иноятова, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дилором Аҳмедова, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази профессори, ТошПТИ кафедра мудири ва тиббиёт фанлари доктори Шавкат Амоновлар борлиги тиббиёт соҳасининг яна бир ютуғи бўлди. 

Марказ олимларига ушбу юксак даражадаги мукофот “Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болаларнинг реабилитацияси” амалий тадқиқоти учун берилди. Президентнинг мазкур эътирофи муассасанинг бу борада олиб бораётган изланишларига берилган юқори баҳонинг ёрқин ифодаси бўлди. 

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида яратилган шарт-шароитлар бугунги кун талабига тўла мос келади. Марказ қошида 40 ўринга мўлжалланган махсус “Туғма ва орттирилган ЛОР аъзолари касалликлари” янги бўлими ишга туширилди, у замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди ҳамда маҳаллий ёш шифокорлар Россия, Австрия, Франция, Россия, Польша, Словакия, Италия, Украина каби давлатларнинг етакчи клиникаларида таҳсил олиб қайтишди. 

Шу ўринда тадқиқот муаллифларининг ушбу йўналишдаги долзарб мавзуни амалга ошириш жараёни, Ўзбекистонда ушбу муаммонинг ечими қандай ҳал қилинаётганлиги ва унинг самарадорлиги хусусидаги фикрлари билан қизиқдик. 

—  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар 1000 нафар чақалоқдан 1 нафари кар бўлиб туғилади ва бола 1-2 ёшга тўлганда бу кўрсаткич 2 бараварга кўпаяди, — дейди Дилором Аҳмедова. — 2014 йилгача оғир эшитиш заифлиги ва карлик мавжуд бўлган болалар кохлеар имплантация учун чет элларга боришга мажбур эди. Бу эса катта молиявий сарф-харажатларни талаб қилар, аммо шунчалик оворагарчилик ҳам иш бермас эди. Негаки, имплантация қилинган ўғил-қизларда операциядан кейинги реабилитация тадбирлари ўтказилмас, натижада жарроҳлик амалиёти самараси сезилмасди.  Ҳамкасбларимиз билан олиб борган тадқиқотимиз айни  шу муаммо ечимига қаратилган.  2014 — 2016 йилларда энг замонавий эшитиш имплантлари қўлланилиши асосида 300 нафар болада кохлеар имплантация операцияси бажарилиши режалаштирилиб, давлатимиз томонидан барча шароит яратиб берилди. 

Марказ олимлари  томонидан “Оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болалар реабилитацияси (Ўзбек модели)” илмий-амалий дастури доирасида 4000 дан ортиқ ўғил-қизлар текширувлардан ўтказилди. 5 ёшгача бўлган 300 нафар кичкинтойга давлат бюджети ҳисобидан, 54 нафарига имплант ишлаб чиқарувчи компаниянинг мурувват ёрдами ва 5 ёшдан катта бўлган 29 нафар болага имтиёзли кредит ҳисобидан кохлеар имплантация бажарилди. Олимларимизнинг оғир эшитиш заифлиги ва карлиги бўлган болаларнинг реабилитациясига бағишланган тадқиқоти биринчи даражали Давлат мукофотига муносиб кўрилгани Ўзбекистонда ушбу масала ечимига катта эътибор қаратилаётганини яна бир карра исботлайди.

— Президентимизнинг бугунги ишончи бизга катта масъулият юкламоқда, — дея сўзида давом этади тиббиёт фанлари доктори Дилором Аҳмедова. — Уни оқлаш, болалар саломатлиги йўлидаги изланиш ва тадқиқотларимизни жадал олиб бориш, фан-техника ютуқларини янада ривожлантириш ва энг муҳими халқимизни тиббиётдан рози қилиш йўлида бор илм ҳамда куч-ғайратимизни аямаймиз.

Ҳар бир ҳаракат натижасига кўра баҳоланади. Шу маънода имплантация қилинган болалар саломатлиги бўйича ўтказилган мониторингга эътибор қаратсак: кузатув натижалари 90 фоиз ижобий. Яъни бемор болаларнинг эшитиш қобилияти тикланиб, гапира бошлади. 7 ёшга кирганлари эса умумтаълим мактабларида ўз тенгқурлари қаторида таҳсил олишаётганлиги эса олимларимиз амалий тадқиқотларининг мўъжизавий натижасидир.

Top