00:43 / 30.08.2017
21641

Бокс, ЖЧ–2017: Қўнқабоев Осиё чемпионати финали учун реванш олди — Баҳодир Жалолов енгилди

Фото: AIBA

Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бокс бўйича AIBA шафелиги остида ўтказилаётган жаҳон чемпионати чоракфинал ўйинлари тугади. Маълумки, бугун бўлиб ўтган чоракфинал жангларида тўққиз нафар боксчимиз қатнашди.

91 кг.дан ортиқ вазнли боксчилар ўртасида бўлиб ўтган жангда ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов қозоғистонлик Қамчибек Қўнқабоевга қарши рингга чиқди ва 3:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Қамчибек Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати финалида ҳам Баҳодирга рақиблик қилган эди. Ўшанда Баҳодир уни енгиб, Осиё чемпиони бўлган эди.

Ҳакамларнинг ушбу жангга раундлар бўйича қўйилган якуний бали қуйидагича бўлди:

Россия - 28:29, Фижи - 28:29, Аргентина - 29:28, Канада - 29:28, Венгрия - 28:29

Баҳодир Жалолов бугун мусобақани чоракфиналда тарк этган учинчи боксчимиз бўлди.

Ундан ташқари, 75 кг.гача бўлган вазн тоифасида Исроил Мадримов АҚШ вакили Трой Айслига қарши рингга кўтарилди ва очколар бўйича 2:3 ҳисобида енгилди.

60 кг.гача бўлган боксчилар ўртасида кечган жангда эса ҳамюртимиз Элнур Абдураимов гуржистонлик боксчи Отар Эраносянга 5:0 ҳисобида ютқазди.

Эслатиб ўтамиз, бугун вакилларимиз иштирокида бўлиб ўтган аввалги жангларда

49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов  ҳиндистонлик Амит Кумарни 5:0,

64 кг.гача бўлган вазн тоифасида Иқболжон Холдоров германиялик Артём Ҳаритюнянни 3:2,

91 кг.гача бўлган вазн тоифасида Санжар Турсунов нидерландиялик Рой Корвингни 4:1,

52 кг.гача бўлган вазн тоифасида Жасурбек Латипов колумбиялик Сейбер Авилани 4:1,

69 кг.гача бўлган вазн тоифасида Шаҳрам Ғиёсов англиялик Пэт МакКормакни 5:0,

81 кг.гача бўлган вазн тоифасида Бектемир Мелиқўзиев қозоғистонлик Ерик Алжановни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, яримфинал йўлланмасини қўлга киритишган эди.

Яримфинал учрашувлари 31 август куни бўлиб ўтади. Боксчиларимизнинг яримфиналдаги рақиблари ва учрашувлар бўлиб ўтадиган вақтни кейинроқ маълум қиламиз.

Мавзу
Бокс. ЖЧ-2017

25 август куни Германиянинг Ҳамбург шаҳрида Бокс дунёсининг 2017 йилги энг нуфузли мусобақасига старт берилди. 25 августдан 2 сентябргача Ҳамбург шаҳри AIBA World Boxing Championship-2017 мусобақасига мезбонлик қилади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси камсонли мамлакатлар сингари тўлиқ таркибда иштирок этади. 

Барчаси
Top