17:00 / 13.09.2017
50342

«Ёмонласа блоклаймиз, мақтаса эътироф этамиз». ЎзА BBC ва «Озодлик»дан иқтибос келтирди

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) 12 сентябрь куни «Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари -хорижий оммавий ахборот воситалари диққат марказида» сарлавҳали материални эълон қилди.


Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқи хорижий оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотгани эътироф этилган ҳамда бу нутққа бағишлаб хориж сайтларида эълон қилинган мақола ва хабарлар таҳлил қилинган.

«Давлатимиз раҳбари томонидан ИҲТ саммитида Ташкилотнинг фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга доир билдирилган ташаббуслар интернет ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланди ва кенг қўллаб-қувватланди, бугун ҳам интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар диққат марказида бўлиб турибди», — дейилган материалда.

Ўзбекистондаги асосий ахборот агентлигида нашр этилган бу материал интернет фойдаланувчиларининг изтеҳзоларига сабаб бўлди. 

«Ёмонлагани учун блоклаймиз, мақтагани учун иқтибос келтирамиз», дея муносабат билдирилган бу ҳолатга.

Қайд этиш керакки, шарҳда 8та интернет нашридан иқтибослар келтирилган бўлиб, уларнинг 4тасига Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган. Булар Би-Би-Сининг Ўзбек хизмати, «Озодлик», «Вечерний Бишкек» радиоси ва KANT.kg сайтларидир. Материалда номи келтирилган UAport.net, Sputnik Ўзбекистон, «Казахстанская правда» ва CA-News.org сайтлари эса айни пайтда эркин очилмоқда.

Top