13:40 / 05.10.2017
27140

Келгусида Ўзбекистонда йилига 10 мингта пахта териш машинаси ишлаб чиқариш режалаштирилган

Фото: uz24.uz

2017 йил 4 октябрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи мажлиси ўтказилди. Унда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан «Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида» ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, «Ўзагротехсаноатхолдинг» бошқаруви раиси Нодир Отажонов маъруза қилди. 

Унинг таъкидлашича, 2018 йилда 3 мингта, 2019 йилда 5 минг, ундан кейинги йилларда йилига 10 мингта пахта териш машинаси ишлаб чиқиш ва камида 2 мингтасини экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда. Кейинги йили ишлаб чиқилган пахта териш машиналарининг 80 фоизи Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари далаларига етказиб берилади. Қашқадарё вилоятига 100 дона машина етказилади. 

«Бутун республика бўйича пахта теришни механизациялаштиришни таъминлаш учун камида 14—15 мингта пахта териш машинасини ишлаб чиқариш талаб этилади», деган Нодир Отажонов.

Баҳс-мунозаралардан сўнг, Сенат аъзолари «Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида»ги қарорни  қабул қилишди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қишлоқ хўжалиги самарадорлиги ва рентабеллигини,уни механизациялаш даражасини оширишда, шу жумладан пахта ҳосилини машинада териш ҳажмини кўпайтиришда, шунингдек мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ўтказишда бозор механизмларини, инновацияларни, фан ютуқларини ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича чоралар кўриши керак бўлади. 

Бундан ташқари, мамлакат ҳукумати жорий агротехнологиялар қўлланилишини яхшилаш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш, механизацияланган теримга шайликни таъминлайдиган ҳамда юқори даражада самара берадиган ғўза навларини яратишни ривожлантириш,озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида аграр секторда амалдаги қувватларни модернизациялаш, жалб этиладиган мавсумий ишчиларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантиришнинг турли усулларини ишлаб чиқади. 

Top