00:28 / 08.10.2017
13260

Пентагон Сурия, Россия ва Эроннинг ИШИДни мағлуб қилишга қодирлигига шубҳа билдирди

Фото: Валерий Шарифулин / ТАСС

Сурия президенти Башар Асад қўшинлари ҳамда Россия ва Эрон ҳарбий гуруҳлари ўзлари мустақил тарзда ИШИД жангариларини буткул яксон қила олишлари даргумон, деб айтилди Пентагонда. 

Пентагоннинг расмий вакили Эрик Пэхон шу тариқа Россия мудофаа вазирлигининг ИШИДга қарши курашдаги муваффақиятлари ва америкаликларнинг бу операциядаги ролига изоҳ бериб ўтди.

"Авторитар тузум, Россия ва Эрон вақтинчалик қандайдир ҳудудни эгаллай олса-да, бироқ уларнинг уринишлари ИШИДнинг буткул ва тамоман мағлуб бўлишига олиб келиши даргумон. ИШИД қисман Сурия амалга оширган таҳқирловчи чоралар сабабли пайдо бўлган. ИШИД эгаллаб турган ҳудудини бутунлигича ёки катта қисмини йўқотса ҳам, хавфли қўпорувчилик ҳаракатларини қўллайверади", деб айтган Пэхон ТАСС ахборот агентлиги мухбирига.

Пэхоннинг айтишича, Асад ҳукумати Россия кўмагида "ИШИД назоратидан катта ҳудудларнинг олиб чиқилиши ва у ерга террорчиларнинг қайтмаслиги олдини олиш учун шароитлар яратиш борасида узоқ муддатли муваффақият"намойиш қилмаган. Бу орада Сурияда бўлган америкалик ҳарбийлар ИШИД хавф бўлиб қолгунча, ҳамкорларига ёрдам беришда давом этади.

"Ҳамкорларимиз коалиция кўмагида ИШИДни мағлуб қилмоқда ва уларнинг жойларда бошқарув ва хавфсизлик кучларининг самарали органларини ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлари ИШИДнинг қайта пайдо бўлишининг олдини олувчи шароитлар яратмоқда", деб қўшимча қилди Пэхон.

Аввалроқ Россия мудофаа вазири Игорь Конашенков Россия ҳарбий-коинот кучлари Сурияда бошлаган операцияларидан кейин  ИШИД томондан назорат қилинувчи ҳудудлар 10 марталаб камайганини маълум қилди. Конашенковнинг айтишича, америкаликлар "ҳалифалик" ҳужумларини томоша қилиб ўтиришган", "каллакесарларни қуроллантиришган" ва "Суриядаги қонуний ҳукумат ағдарилишигача қанча кун қолганини санаб ўтиришган". 

Конашенков АҚШнинг Ат-Танф ҳарбий базасини "қора туйнук" деб атади. Унинг айтишича, Пентагон вакиллари бу базада АҚШ, Буюк Британия ва Норвегия инструкторлари "Янги Сурия армияси" жангариларини тайёрлаётганларини бир неча маротаба маълум қилганлар. 

"Ҳақиқатда Ат-Танф 100 км лик "қора туйнукка" айланган. У ердан ИШИДнинг мобил гуруҳлари Сурия қўшинлари ва тинч аҳолига қарши қўпорувчилик-террорчилик ҳужумларини амалга оширмоқда", деб айтган Конашенков.

Top