18:35 / 27.10.2017
19098
Реклама

Поп туманида «Асакабанк» инвестицияси асосида «Наманган агрологистик» маркази қурилиши бошланди

Бугунги кун талаби деганда нимани тушуниш мумкин. Ҳар бир соҳада бу иборани турлича талқин этса бўлади. Мамлакатимизда турли жабҳалар, айниқса аграр соҳада янгича иш юритишни ривожлантиришга бўлган аниқ ва самарали ҳаракатлар кузатилмоқда. Кундан-кун жадаллашиб бораётган бозор коньюктураси нафақат ички бозорни, балки юртимиз ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорт салоҳиятини оширишни талаб қилаётир.

Наманган вилояти азалдан сархил мевалари билан машҳур. Вилоятда етиштирилган боғдорчилик маҳсулотларига чет элларда ҳам талаб жуда катта. Куни кеча Поп туманида замонавий услубда мевани сақлаш, саралаш, қуритиш, музлатиш, қадоқлаш ва маҳсулотни чет элга экспорт қилишга мўлжалланган логистик комплекс қурилиши бошланди. Мазкур комплексни Поп туманида барпо этилиши бежиз эмас. Попга қўшни бўлган Чуст, Бувайда туманларида 10 минг гектардан зиёд боғлар мавжуд.

Шу йилнинг июль ойида президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Поп туманидаги «Namangan agro logistic» қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ҳамда иссиқхона ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилиб, президентимиз мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаган эдилар. Президентимизнинг эътиборлари билан ташаббускорлар томонидан тақдим этилган лойиҳага “Асакабанк” АТБнинг 17 миллион 700 минг АҚШ долларга тенг маблағи йўналтирилди. Комплекс йилига 7 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга.

- Марказ 10 гектар майдонда барпо этилиб, унинг 5 гектарида Европа стандартлари даражасида маҳсулот ишлаб чиқарувчи сўнги русумдаги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ўрнатилган иншоотлар қурилса, ҳудуднинг қолган қисмида корея технологияси асосида иссиқхона ва малина меваси етиштирадиган боғ яратилади,- дейди “Наманган агрологистик” МЧЖ директори Яҳёхон Ҳамдамов. – Италия технологияси асосида сок концентрати ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. 3 минг тонна мева сабзавот сақлаш имкониятига музлаткич кейинги йилнинг апрел ойларига ишга тушиши режалаштирилган.

250 нафардан зиёд ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилаётган корхонага Италиядан энг сўнги русумдаги технологик ускуналар келтирилиб, ўрнатилади. Бу борада Италиянинг “Advice & Consulting” компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. – Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотлар хорижда харидоргир,-дейди “Advice & Consulting” компанияси директори Александра Камински. Компаниямиз томонидан “Наманган агро логистик маркази”га жаҳоннинг етакчи корхоналари фойдаланаётган технологик ускуналар етказиб берилади.

“Наманган агрологистик” марказига мевали боғ яратиш учун 200 гектар жой ажратилди.

2018 йил давомида босқичма-босқич ишга тушиши мўлжалланган комплекс қурилишини бошлаш олдидан ўзбекона таомилга кўра, эзгу ният билан нуронийлардан дуо олинди. Тадбирда Поп туман ҳокими Аъзамжон Султонов, “Advice & Consulting” компанияси вакиллари иштирок этдилар.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top