18:00 / 03.11.2017
15279

Депутатларга ОАВ тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқиш таклиф этилди

Ҳурматли, Қонунчилик палатаси депутатлари​!

Ушбу очиқ хатда бир нечта ОАВ фаолиятига оид, яъни мухбирни қийнаб келган масалалар ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, унинг ечими ҳуқуқий жиҳатдан асослантириши учун сиздан кўмак сўраймиз.

Мамлакатимиз ривожланишнинг янги босқичига қадам қўяр экан, ўзгариш ва ислоҳотларни кузатиб боришнинг ўзи кишини шошириб қўймоқда. Ўзбекистон ва жаҳонда юз берган воқеаларни холис, тезкор ва сифатли ёритиб бериш масъулияти ОАВ вакиллари олдига катта вазифаларни қўйган бўлса, бошқа тарафдан жамоатчилик назорати ҳамда устувор манфаатларни тарғиб этиш каби масалалар журналистлар назаридан четда қолмаяпти. Шунга қарамай, ахборот маконида юз бераётган жараёнларни ёритишда бир қанча қонуний қийинчиликларга дуч келиш ҳолатлари пайдо бўлган.

Хусусан, суд мажлисларини ёритиш, аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини ошириш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар айрим ҳолларда самарасиз якунланмоқда. Бунга ОАВ мухбирининг судда аудио ва видео техникадан фойдаланиши, очиқ суд мажлисини ўзининг мажбуриятини англаган ҳолда кенг жамоатчиликка ёритишда дуч келаётган тақиқларини эслашнинг ўзи кифоя. Мисол учун, Kun.uz мухбирига Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг очиқ суд мажлисини ёритишда судья Д.Зокирова томонидан тақиқ қўйилгани ҳамда техника воситаларидан фойдаланишга рухсат берилмаганини келтириш мумкин.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида шундай дейилган:

«Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади».

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида эса ОАВ мухбирининг аудио, видео ёхуд фото-техникадан фойдаланишига оид ҳеч қандай модда киритилмаган. Бундай қоида Жиноят ва Хўжалик процессуал кодексларида учрайди. Яъни судьянинг розилиги билан очиқ суд мажлисида мухбир зарур техникадан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида ушбу кодексларда махсус норма белгилаб қўйилган.

Таҳлил қилинса, судьянинг қай услуб билан тақиқни жорий этганини ҳуқуқий жиҳатдан оқлаш қийин кечади, аммо журналистнинг мақсади суд фаолиятини танқид қилиш эмас, балки ОАВ мухбирлари фаолиятини эркинлаштириш йўлида қадам ташлашдир.

Шу вазиятга монанд, «Тошбозорсавдо» уюшмаси биносига киришда (эътибор қилинг, юқори давлат органи ёки валокатли идора ҳақида гап кетмаяпти) аудио, видео ва фото-техникадан фойдаланиш, уларни бино ичига олиб кириш тақиқланиши кўрсатилган белги деворда осиғлик туради. Бунда бинонинг қўриқлаш хизмати мухбирдан (ҳужжатларини тақдим этишига қарамай) зарур техник воситаларини сақлаш хонасида қолдиришини сўрайди, албатта.

ОАВ фаолиятининг бошқа томонига эътибор қилинса мухбирларни аккредитациядан ўтказиш масаласи бирёқламалигини кўриш мумкин.

ОАВ вакили ўрнатилган тартибда аккредитациядан ўтиши ва ундан сўнг ўз фаолиятини юритиши мумкин. Айрим ҳолларда ана шу аккредитация ташкилот биносига киришга рухсат берувчи йўлланмадан бошқа нарса эмасдек. Негаки, мухбир бинога кирар экан, ўзи билан техник воситаларини олиб юришга, мажбуриятларини англаган ҳолда керакли ҳужжатлар билан танишишга, улардан нусха олишга, ваколатли ходим билан суҳбатлашиб, унинг фикрини ўрганишга ҳақли. Аслиятда эса аккредитация (аслида у мавжуд бўлса, бинога киришингиз билан кучини йўқотади) ундай имкониятларни тақдим этмаяпти.

Олдимизда турган улкан вазифаларни бажариш учун катта куч-ғайрат талаб этилмоқда. Сабаби, халқ ҳар бир ислоҳот ва ўзгаришларни кузатиб боришни хоҳлайди, ОАВ орқали ўз позициясини ифодалашни ҳамда ижтимоий кайфиятни билдиришни истайди. Қолаверса, сўнги пайтда аҳолининг маҳаллий ОАВ вакилларига ишончи ортиб бормоқда.

Шунга қарамай, мухбирнинг олдида ошиб, ўтиб бўлмас тўсиқ турибди. Бу ҳам бўлса, ташкилот, идора ва давлат органларидан фаолиятига оид хабар юзасидан изоҳ олиш ёки расмий очиқ маълумотни тақдим этишни пайсалга солишга боғлиқ.

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида шундай дейилган:

«Давлат органларига оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади».

Бу билан тегишли ташкилотдан ахборот олиш муддати ўн беш кун, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатни ташкил этиши билдирилмоқда.

«Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида бошқача айтилган:

«Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилади».

Бундай тушунарсиз ёндашув мухбирнинг зарур маълумотни олишда сарсон бўлиб қолишига сабаб бўлади. Қолаверса, ахборот асрида битта маълумотни етти кун (айрим манбаларга кўра, 15 кун) кутиш, ишни ортга сураверади.

Юқорида келтирилган ОАВ фаолиятидага қийинчиликлар денгиздан томчи, холос. Айни пайтда уларнинг барчасини санаб чиқиш шарт эмас, деб ҳисоблаб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан яна бир бор қонун ижодкорлигида мана шу масалаларни қайта кўриб чиқишини сўрайман. Балки Ўзбекистон Республикасида Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш пайти келдимикан?!

Kun.uz мухбири Алишер Рўзиохунов

Top