13:30 / 22.11.2017
50526

«Вилоятлардаги барча мактаб ва касалхоналарни иситиб берамиз!» – Ўзбекистонда «текинга иситиш» лойиҳаси

Куздан қиш мавсумига ўтиш даврида аҳолининг энергия тизимига бўлган эҳтиёжи янада ортади. Талабни қондириш эса катта муаммога айлангани сир эмас. Шу вақтда иситишнинг муқобил турларидан фойдаланиш энг тўғри ечим бўлади. Маълум бўлишича, Германия муқобил энергиядан оқилона фойдаланадиган мамлакатлар орасида биринчи ўринда туради.

Ўзбекистонда ҳам муқобил энергияни ривожлантириш учун катта ишлар олиб борилмоқда, турли қарорлар, лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Муқобил энергиядан фойдаланиш аҳоли учун зарур бўлган табиий ресурсларни тежаб, ижтимоий шарт-шароитларни яхшилашга ёрдам беради.

Фото: Акром Абдусаматов/Kun.uz

Мустақил тадқиқотчи, Wide Stell Round МЧЖ раҳбари Акром Абдусаматов бошчилигида айнан мана шу соҳани ривожлантиришга қаратилган янги, ажойиб лойиҳа ишлаб чиқилди. Эътиборли томони шундаки, мазкур лойиҳа орқали қишки мавсумда аҳолини иссиқлик энергия билан таъминлаш мумкин.

Kun.uz мухбири лойиҳанинг мазмун-моҳиятини яқиндан ўрганиш мақсадида Акром Абдусаматов билан суҳбат қурди.

Энергия танқислиги муаммоси

Чекка ҳудудлардаги мактаблар, коллежлар, таълим муассасалари, касалхоналар, маъмурий-маиший биноларни куз-қиш мавсумида бир маромда иситиш катта муаммо саналади. Инсонлар электр энергиясини ҳаддан зиёд кўп миқдорда ишлатишга мажбур бўлишади. Натижада эса кўнгилсиз ҳодисалар, узилишлар юзага келади. Худди шунга ўхшаш ҳолат газ таъминоти билан ҳам кузатилади.

Лойиҳанинг пайдо бўлиши

Мен мазкур лойиҳани яратишда кўплаб изланишлар олиб бордим, тарихий тажрибаларни ўргандим. Қуёш, шамол энергияларидан ташқари, яна бир неча муқобил энергия турлари мавжуд эканилигини аниқладим.

Муқобил энергия турлари орасида менга энг маъқул бўлгани оҳактошдан жуда кўп миқдорда газ ажралиб чиқиши бўлди. Бу газ эса 900-850 ҳароратда ис газига ўтиши, ёнувчан газга айланиши бизни ўзига жалб қилди. Бу борада кўп тажрибалар ўтказдик. Натижада 1 гектар иссиқхонага бодринг кўчати эктирдик. Нима учун айнан бодринг? Сабаби, агарда қишда ҳарорат 15 даражадан пасайиб кетса, турли касалликларга чалиниб, баргларига доғ тушиш ҳолати кузатилар экан. Бизга 1 гектар майдонни иситиш учун 3 тонна кўмир ёрдамида 2 гигакалория иссиқлик керак бўлди.

Ихтиронинг қулай жиҳати

Сарфланадиган кўмирни бир тоннага тушириб, тежаймиз ва икки тонна кўмир ўрнига тоғлардан қазиб олинувчи оҳактошни ишлатамиз. Бирикмаларнинг аралашуви ҳароратнинг кескин ошиши – экзотермик жараённинг вужудга келишига олиб келади.

Фото: Акром Абдусаматов/Kun.uz

Мутахассислар нима дейди?

Анорганик кимё текшириш институтида устозимиз Одилов Жалолиддин керакли маслаҳатларни бериб, иссиқхона шароитида содир бўлаётган ҳолатларни назорат қилиб борди. Бизнинг қилган тадқиқотимизга улар илмий жиҳатдан ўзларининг ижобий хулосаларини бериб, асослаб беришди.

Қачон амалиётга кенг тарғиб этилади?

Ҳозирда мазкур лойиҳа устида бош-қош бўлиб турувчи ҳамкор давлат идораси йўқ. Баъзида ҳокимлар билан мулоқот қилганимизда, “қани буни қилиб кўрсат”, деб сўрашади. Биргаликда бошлаш таклифини эса ҳеч ким бермайди. Мен бу каби бепарволикларга жуда кўп дуч келаман. Ахир, лойиҳанинг ишга туширилиши чекка туманлардаги энергия муаммоларининг олдини олишга, иқтисодий барқарорликни таъминлашга катта ҳисса қўшади.

Мактаб ва тиббиёт муассасаларини текинга иситиб беришдан Wide Stell Round қай даражада манфаатдор?

Ҳеч қандай. Шунчаки, қишлоқларда совуқ хоналарда таҳсил олаётган болаларни кўриб, наҳотки шароит, имкон бўла туриб, иситиб бера олмасак, деб ўйлаб қоласиз. Биринчидан, энергия билан таъминлаш уларнинг тўла-тўкис таълим олишига ёрдам беради. Иккинчидан эса бу уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатмайди.

Қаерда қўллаш мумкин?

Бу лойиҳадан кўп қаватли уйларни иситишда ҳам фойдаланиш мумкин. Бироқ қўллашнинг ҳам ўзига яраша тартиб, қоидаси мавжуд. Масалан, маълум бир майдонга эга бўлган намунавий уйларга иссиқ энергиясини етказиб бериш осон. Аҳоли турар-жойларда эса барча қўшнилар келишган ҳолга тармоқни тортиб ўтказишса, лойиҳани қўллаш мумкин. Сабаби, ҳароратни доимий назорат қилувчи битта мутахассис керак бўлади. Хўжаликларда эса ҳар бирига ана шундай мутахассис топиб бериш мушкул.

Фото: Kun.uz

Нима учун “текинга иситиш” лойиҳаси?

Бунга сабаб бор: 1 тонна кўмир билан оҳактош ёндирилиши натижасида қумғонда 1 тонна куйдирилган оҳактош қолади. Ана ўша оҳактошни бозорда қурилиш маҳсулоти сифатида сотадиган бўлсак, кўмир ва ишчиларга сарфланадиган харажатларимизни 100 фоиз қоплаб беради. Текинга иситиш лойиҳамизнинг асосий мағзи ҳам шу ерда. Яна бир савол туғилиши табиий. Хўш, Ўзбекистонда етарли миқдорда оҳактош мавжудми? Текширув ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мамлакатимиз ҳудудида аҳоли учун 1000 йилга етадиган оҳактош мавжуд.

2017-2018 йилдаги энг катта режа

Бирон бир мактаб ёки боғчаларни янги лойиҳа бўйича иссиқлик энергияси билан таъминлашдир. Биз синов тариқасида жорий йилги мавсумда ўз ишимизни бошлаймиз. Умид қиламизки, режамиз ўз самарасини беради.

Олий мақсад

Аҳолимиз яшаш тарзига фойдаси тегадиган ишни амалга оширишдир. Агарда кимда ким бу лойиҳани амалга ошириш ниятида бўлса, биз елкама-елка хизмат қиламиз. Барча керакли йўл-йўриқларни кўрсатамиз. Биргаликда халқ турмушини яхшилашга ҳисса қўшсак, бахтиёр бўламиз. Мақсадимиз – муқобил энергиядан самарали фойдаланиш бўйича янгича йўналишни очиб бериш.

Суҳбатни тўлиқ равишда қуйидаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Компания билан боғланиш: (+99890) 3711700

Top