19:55 / 18.12.2017
24262

Диний оқим ва террорчилик гуруҳларига​ қўшилиб қолган 13 нафар ​ўзбекистонлик афв этилди

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Инсон ҳаётда баъзан-билиб билмай хато қилади. Оқибатда ўзи билан бирга оиласи, яқинларини ҳам азиятга қўяди. Ана шундай пайтда адашганларни кечира билиш, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш чинакам ўзбекона фазилат. Аслида ҳам инсон қилган хатосини тушуниб етиши – асосий мақсад.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармони катта бағрикенглик ифодаси бўлди.

Бугун жазони ижро этиш муассасасидан қайтган фуқаролар билан профилактик суҳбатлар ташкил этиш, қолаверса, саломатликларини муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш борасида вилоятимизда мутасадди идоралар ҳамкорлигида изчил чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Мақсад уларни тезроқ жамиятга қайтариш, тафаккурида соғлом фикрни шакллантиришдан иборат. 

Жиззах вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг Kun.uz'га хабар беришича, Президент фармонига мувофиқ афв этилган 13 нафар турли диний оқим ва террорчилик гуруҳларига билиб-билмай қўшилиб қолган ҳамюртлар учун вилоят ҳокимлиги томонидан ўзига хос экскурсия ташкил этилди.

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Экскурсияда Жиззах шаҳрининг бугунги ўзгариб бораётган қиёфаси иштирокчиларнинг ҳайратини оширгани рост. Хусусан, Жиззах эркин иқтисодий зонасида Тадбиркорликка берилаётган эътибор ва бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати, ишчиларнинг меҳнат шароити билан иштирокчилар яқиндан таништирилди.

Тақдир бизни ҳаёт чорраҳаларида турфа воқеаларга, яхши-ю, ёмон ниятли бўлсин, танишу нотанишга рўбарў қилади, синайди. Шундай вазиятларда оқни қорадан фарқлай олишимиз, ақл тафаккуримиз, дунёқарашимиз билан тўғри қарор қабул қилишимиз доим бизни яхшиликларга етказади.

"Пайвандчилик билан шуғулланар эдим. Нима бўлди-ю, тўғри йўлдан адашдим! Турли хил бузғунчи гуруҳлар домига тушиб, 2010 йилда 8 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилдим", дейди Жиззах шаҳри “Жиззахлик” маҳалласида яшовчи Отабек Жўраев.

Оиладаги ёлғиз ўғил Отабек Жўраев яна онаси билан дийдор кўришиш бахтига сазовор бўлди. Мазкур тадбир уларни замон ўзгаришлари қаршисида мушоҳада қилишга ундагани айни ҳақиқат. 

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

"Шавкат Мирзиёев томонидан афв этилган юртдошларимиз жамиятнинг ажралмас бир бўлаги эканлигини ҳис қилаётганлари, содир этган қилмишларига астойдил пушаймон эканликлари шубҳасиздир. Зотан, шундай пайтларда Ватан, ҳурлик, оила деган олий қадриятлар янада тўлақонли англаб етилади",  дейди Жиззах вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Э.Исматов​

Top