21:40 / 09.01.2018
19809

Журналист йўлдаги қоидабузар ҳайдовчини суратга олиб, жарима тўлашга мажбур қилди

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчилардан бири — журналист Никита Макаренконинг жойлаштирган пости эътиборимизни тортди. Азбаройи, йўлларда юз бераётган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишининг олдини олишда ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигидан ушбу постни сизлар билан бўлишишга жазм қилдик:

«ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО 2.0

Ҳайрон қолишингиз мумкин, лекин ушбу постимда ҳозир Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХББни мақтайман. Яхшилаб ўрнашиб олинг.

Хуллас, мен бир тажриба ўтказишга қарор қилдим — ёмон ҳайдовчилардан бирини фотосурат ва видео ёрдамида жазолаш борасида. Чунки, назарий жиҳатдан бу иш бериши керак эди — Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 276-моддасига кўра, маъмурий қоидабузарликни қайд этишда фото ва видео далил сифатида келтирилиши мумкин. Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳам ана шундайлар сирасига киради.

Аввал воқеанинг қисқача тафсилоти: 30 декабрь куни «Қатортол» бозори олдидаги икки полосали йўлнинг полосаларидан бирида мана шу «Эпика»нинг эгаси машинасини қолдиришга қарор қилди. Ўзи шундоқ ҳам у кўчада доимо ҳаракат зич. Устига устак, ҳайдовчи кўчада бутун бир полосадан иборат тирбандлик ҳам ҳосил қилди. Мен унга танбеҳ бердим ва вазиятни суратга олишимни айтдим. Шундан сўнг у машинасидан тушди, двигателни ўчириб, «менга барибир» деди ва кетди. Барибир бўлса барибир-да, мана ўша фотосурат! Бу ерда у йўқ, чап томондаги киши бошқа машина ҳайдовчиси.

Фото: facebook.com/nikmccaren

Мен фото ва видеони Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали ички ишлар вазирлигига жўнатиб, маъмурий иш юритиш учун далилларни инобатга олишни сўрадим. Ўртада байрамлар ўтиб, роппа-роса бир ҳафтадан сўнг (6 январь куни) менга Чилонзор ЙҲХБ инспектори қўнғироқ қилиб, тафсилотларни суриштирди. У фавқулодда хушмуомала эди, бунинг учун албатта унга ташаккур билдириб қоламан. Дарҳол бир нуқсон аниқланди: ЯДИХП фақат бир файлни юклаш имконини берар экан ва ўша файл уларгача етиб бормаган. Шу сабабли менинг аризамни уларга файлсиз жўнатишган. Файлларнинг барчасини инспекторнинг шахсий Телеграм рақамига қайта ташлашга тўғри келди.

Орадан яна 2 кун ўтиб, 8 январь куни у менга яна қайтиб қўнғироқ қилди ва келиб, чиндан ҳам далолатнома расмийлаштирилганлигига амин бўлишни сўради. Ҳаммаси рисоладагидек эди: беписанд ҳайдовчининг ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилган, далолатнома имзоланган, 128-6 модданинг 1-қисми «Транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ва туриш қоидаларини бузиш»га кўра 450 минг жарима қўлланган.

Якунда, амин бўлдимки:

1. Тизим ишлар экан.

2. Ёмон ҳайдовчиларни осонгина жазолаш мумкин.

3. ЙҲХББ ниҳоятда хушмомала.

Бу борада нималарни янада яхшиласа бўлади:

1. ЙҲХББнинг фуқаролар учун телефон иловаси ёки расмий Телеграм-боти ишга туширилиши керак.

2. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бироз ўзгартириш киритилади.

3. Бепарво ҳайдовчиларнинг суратларини барча жўната бошлайди.

4. ...

5. Келиб чиқадиган фойда (ЙҲХББ пулларга кўмилади, қоида-қонунларга риоя этувчи фуқаролар эса тарбиялаш жараёнидан қониқиш ҳосил қилишади)», — деб тугатади ўз постини Никита Макаренко.

Ушбу пост остида фикр билдирганлардан Усмон Султонов янада антиқароқ таклиф берган:

«Агар илова яратилса ва жарималардан маълум бир фоиз тўлаб турилса тизим ўзини-ўзи таъминлаш билан бирга, одамларда рағбат ҳам уйғотади. Дастур учун пул мукофотли танлов эълон қилинса ТАТУ ва ИНҲА талабалари тезда ясаб ҳам беришади».

Top