21:30 / 30.01.2018
7549

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди вакилларини қабул қилди

Фото: Қўмита матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди вакилларини қабул қилди. Бу ҳақида қўмита матбуот хизмати KUN.UZ'га хабар берди. 

Таъкидлаш жоизки, Кувайтнинг мазкур фонди Ўзбекистоннинг аҳолини сув билан таъминлаш, инфратузилмалар ва тиббий хизматлар соҳаларидаги асосий ҳамкорларидан биридир. 

Учрашув давомида мамлакатимизнинг турли соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани қайд этилди. Хусусан, чет эллик сармоячиларга катта имтиёзлар тақдим этилаётгани таъкидланди - қатор солиқлар, божхона тўловларидан озод қилиш, инвестицион лойиҳаларни тайёрлаш жараёнлари соддалаштириш ва уларни амалга ошириш муддатларини қисқартириш шулар жумласидандир.

Ўзбекистондаги уй текстили ва матолар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш мисолида шу ва бошқа афзалликлар ҳақида айтиб ўтилди. 

Кувайт томони, ўз навбатида, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва мунтазам маслаҳатлашувларни ўтказишга тайёр эканини билдирди. Бу шубҳасиз ўзбек-кувайт алоқаларининг турли соҳаларда, энг аввало савдо-сотиқ, инвестициялар ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишни ривожлантириш йўлларини ишлаб чиқиш имконини беради. 

 

Top