15:44 / 10.02.2018
13394

14-20 ёшли ўсмирлар 20 миллион сўмдан ортиқ техника буюмларини “ухлатиб” кетишди

Бухоро шаҳар, Чорминор кўчаси 9-уйда яшовчи, Бухоро шаҳридаги “Аслонобод” хусусий фирмаси ишчиси Насретдинов Абдураҳмон Амонуллоевич Бухоро шаҳар ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахслар Бухоро шаҳар, Мустақиллик кўчаси 24/1-уйда жойлашган “Аслонобод” хусусий фирмасига қарашли савдо дўконига эшик қулфини очиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, ушбу савдо дўконидан “Аслонобод” хусусий фирмасига тегишли бўлган уч дона жами баҳоси 7.755.000 сўмлик Acer русумли ноутбукларни, икки дона жами баҳоси 600.000 сўмлик видеокузатув мосламаларини, бир дона баҳоси 1.600.000 сўмлик LG русумли мониторни, бир дона баҳоси 4.100.000 сўмлик компьютер процессорини, бир дона баҳоси 2.435.000 сўмлик Panasonic русумли видеокамерани, бир дона баҳоси 160.000 сўмлик модемни, бир дона баҳоси 105.000 сўмлик наушникни, бир нечта флешкарталарни ва 4.089.000 сўм миқдоридаги нақд пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб, жабрланувчига жами 20.844.000 сўмлик анча миқдорда моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинганликларини билдирган.

Тезкор ходимлар томонидан олиб борилган суриштирув ва қидирув ишлари давомида аниқланишича, ушбу жиноятни, Бухоро шаҳар, Темирйўлчилар аҳоли пунктида яшовчи фуқаролар, 1998 йилда туғилган Содиқов Фозил Шуҳратович, 2000 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан судланган Нуржонов Рамазон Шоназарович ҳамда 2004 йилда туғилган Муродуллоев Элдор Отабек ўғлилар содир этганлиги аниқланиб, ушбу жиноят иссиқ изида фош этилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ф.Содиқов, Р.Нуржонов ва Э.Муродуллоевларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б,в,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top