19:01 / 12.02.2018
48173

Фарғона шаҳри қоқ марказидаги сонда ҳам, саноқда ҳам йўқ уй муаммолари ҳал бўлармикан?

Фарғона шаҳрига анча йиллардан бери келмаган киши, водий марказидаги кентнинг бугунги кўринишидан ҳайрон қолиши аниқ.

Сўнгги йиллар давомида шаҳар қиёфаси бутунлай ўзгарди. Тор, ўйдим-чуқур кўчалар ўрнида кенг, равон йўллар қурилиб, пастаккина уйлар ўз жойини замонавий архитектура тамойиллари асосида битказилган кўпқаватли муҳташам биноларга бўшатиб берган. Шаҳарнинг қайси бурчагида бўлманг, жадаллик билан олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади.

Янгиланиш ишлари узлуксиз давом этиб, кундан-кун ўзгараётган шаҳардан қурилиш соҳасидаги камчиликлар бўйича KUN.UZ таҳририятига келган мурожаатга эътибор қаратдик.

“Ҳаракатланган ҳар қандай жисм марказга қараб интилади”, деган ибора бор. Бошқа жойларда бўлгани каби бизнинг “қаҳрамонларимиз” ҳам Фарғона шаҳрининг қоқ киндигидан намунали типдаги янги уй олмоқчи бўлишган. Тўғри-да, яшаш шароити ва бошқа имкониятлар чеккароқ жойдан кўра, марказда нисбатан яхшироқ, ахир. Лекин бироз ёлғончи  қурувчининг гапига ишонган фуқаролар “чучварани сал пишмасдан олдин санаб қўйгани” кейин маълум бўлди.

Алишер Навоий шоҳ кўчасидаги 3-Б кўпқаватли уй  ҳақиқатда Фарғона шаҳрининг марказида жойлашган. Айни пайтда мазкур уйга шоҳ кўча томонидан қарасангиз, кўринишидан жуда кўркам, чиройли эканлигига гувоҳ бўласиз. Лекин унинг ҳовли тарафига ўтганингиз сари бутунлай бошқа манзара. Номига битказилган кўп қаватли уй. Тўрт йил олдин квартиралари яшаш учун сотила бошлаган уй ҳозир афтодаҳол ҳолатда. Намунали дея аталувчи 3-Б уйда яшовчилар томонидан уйнинг авария ҳолатда эканлиги бўйича ариза берилмаган жой қолмабди. Самара эса умуман йўқ.

2014 йил хусусий қурилиш фирмаси томонидан битказилаётган уйдаги квартираларни яшаш жойига эга бўлишни истаганлар сотиб ола бошлашди. Ажабланарлиси, квартира эгаларининг кўпчилиги хонадонларини қурилиш фирмасидан эмас, балки, “иккинчи қўлдан” нақд пулга сотиб олишган.

Хонадон эгаларининг билдиришича, сотиб олаётган пайтда қурувчи тез орада барча ишлар якунланиб, уйнинг кириш йўлаклари, том қисми, атрофдаги ободонлаштириш ишлари битказилишини ваъда берган. Лекин орадан йиллар ўтса ҳам ҳеч қандай иш бажарилмади. Томдан аллақачон чакки ўта бошлаган, кириш йўлаклари чала, ойналар қўйилмаган, уйнинг ертўласи эса ахлатхонага айланган. Қурилиш ишлари давомида йиғилган чиқитлар уйнинг ҳовлисига “кўрк” бағишлаб турибди. Ҳовли ахлатга тўлиб кетган, ҳеч қайси ташкилот уни олиб кетишга шартнома имзоламаётир.

Название

Ўтган йилнинг охирги ойида ҳовлидаги ахлатхонада номаълум одам жасади чиққанидан кейин ҳам ҳеч ким уйнинг муаммолари билан қизиқмаган.

Ажабланарлиси, бу ерда яшовчи 20 та оиланинг ҳеч бири қурилиш қайси ташкилот томонидан амалга оширилганини ҳам айта олмайди. Узоқ суриштирувлардан сўнг “намунали” дея аталувчи уй - “Пойтахт мавзеси” номли Шуҳратхон Маҳмудов бошчилигидаги қурилиш ташкилоти томонидан  қурилаётганини аниқладик.

Маълумки, қурилиш ташкилоти уй битиб, фойдаланишга топширилиши учун бир қатор меъёрий ҳужжатларни расмийлаштиради. Асосий ҳужжат - фойдаланиш учун Далолатномада уйнинг яшаш учун яроқли эканлиги қайд этилиб, барча масъул ташкилотлар уни қабул қилади ва коммунал корхоналар базасига киритилади. Фарғона шаҳрида мазкур уйнинг борлиги ҳақида маълумотнинг ўзи йўқ.

- Электр энергияси, газ ва бошқа коммунал учун пул тўлагани борсак, у ердагилар: “Уйларингиз ҳеч қандай рўйхатда йўқ, тўлаган маблағингиз ҳавога учади”, дейишади. Икки йилдан бери яшайман, электр ва газдан фойдаланамиз. Бир кун келиб катта қарздорлик чиқса нима бўлади? - дейди Антонина Каземирова.

- Бормаган жойимиз қолмади. Уйда истиқомат қиладиганлар, асосан, ёш оилалар, ҳар бирида бир-иккитадан ёш бола бор. Йўлакларга ойна, ертўлага панжаралар қўйилмагани учун ёш болалар ахлатга тўла ҳовлида ўйнаши жуда хавфли. Қурувчининг: “Намунали уй. Олдида болалар майдончаси, дам олиш жойлари бўлади”, деган ваъдаларга учибмиз. Шаҳар ҳокимлигига жуда кўп бор мурожаат қилдик. Наҳотки, уларнинг қурувчига кучи етмаса. Ахлатхона ва тугалланмаган қурилиш майдонида яшаяпмиз”, - дейди аҳоли вакилларидан яна бири.

3-Б уйнинг ёнида қад кўтарган бошқа уйлар инсофли қурувчи томонидан бунёд этилган экан. Қўшни уйларнинг ҳолати ҳавас қиладиган даражада.

Муаммонинг ечимини топиш мақсадида, Фарғона шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилдик. Шу ўринда шаҳар ҳокимлигини тезкор равишда иш ташкил қилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Ўн дақиқадан сўнг шаҳар ҳокими ўринбосари Дилшодбек Омонов, шаҳар бош архитектори, ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, шаҳаргаз корхонаси раҳбари сингари барча мутасаддилар йиғилиб, биз билан биргаликда муаммоли уйга боришди.

Масъул шахслар хонадон соҳибларининг барча дардларини тинглаб, муаммолар тўрт кун ичида ҳал бўлишига ваъда беришди.

Шундан сўнг, KUN.UZ таҳририятига Фарғона шаҳар, Университет кўчаси 23-уйдан қилинган иккинчи мурожаатни ўргангани бордик. Мазкур намунали уйда истиқомат қилувчилар томонидан газ таъминоти масаласи жуда ёмонлиги ҳақида арз қилинган эди. Бу жойда ҳам қурувчи ташкилот томонидан лойиҳада кўрсатилган газ тармоғини юқори босимли линия ўрнига қувурни иқтисод қилиниб, паст босимли тизимга улагани боис муаммо келиб чиққан экан. Шаҳар газ корхонаси раҳбари, мазкур кўпқаватли уйда ҳам муаммолар тез кунда ечимини топишига ваъда берди.

Оддий аҳоли шаҳарга қурилаётган уй ҳокимлик томонидан рухсат берилган қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилаётганини, қурилиш меъёрлари бузилса, мутасаддилар, албатта, чора кўришига ишониб, хонадонларни сотиб олган.

Биз мутасадди ва аҳоли вакиллари билан хайрлашаётиб, кейинги ҳафтада яна келишимизни айтдик.  

   

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов

 

 

Top