13:10 / 27.02.2018
19838

Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида қурилаётган йўл ўтказгич узунлиги маълум қилинди

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойишига кўра, пойтахтнинг Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида умумий узунлиги 667,5 метр бўлган замонавий йўл ўтказгични қуриш ишлари бошлаб юборилган эди. Қисқа фурсатда тажрибали кўприксозлар ушбу иншоотда кенг кўламдаги ишларни амалга оширди, деб хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати.

Маълумки, Бунёдкор шоҳкўчаси Тошкент шаҳрининг энг узун, жанубий ва шимолий қисмларини боғлайди. Мазкур йўналишда доим автомобиллар қатнови тирбанд. Магистралда жами 9 та йўл ўтказгич мавжуд бўлиб, май ойида уларнинг сони яна биттага кўпаяди. «Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган режага кўра, бунёд этилаётган иншоот 6 та йўлакдан иборат. Замонавий йўл ўтказгич эстакада қисмининг узунлиги 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8, кенглиги эса 24,5 метрни ташкил этади.

Йирик иншоот жами 23 та устун оралиғида барпо этилади. Эътиборлиси, бу ерда пиёдалар учун ҳам қатор қулайликлар яратилади. Хусусан, умумий узунлиги 124 метр бўлган иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилади. Янги бунёд этилаётган йўл ўтказгичнинг ёритиш тизими ҳам жаҳон андозаларига мос равишда барпо этилади.

Ҳозирги кунда 10 та таянч устунининг пойдевор ишлари тугатилди. Айни пайтда устки каркас ўрнатиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар бу ерда 2 625 куб метр тупроқ, 12 070 куб метр бетон ишлари бажарилди. Бунёдкорлик жараёнига 30 дан ортиқ техника, 250 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи жалб этилган. Мазкур йўл ўтказгични белгиланган муддатида, замон талаблари даражасида қуриб, фойдаланишга топшириш мақсадида тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб тасдиқланган қурилиш материаллари захиралари яратилмоқда.

Шунингдек, қурилиш техникалари ва автотранспорт воситаларини сақлаш ва таъмирлаш учун базалар ҳамда штаб ташкил этилган. Кўприкни бунёд этишда фойдаланилаётган темирбетон конструкциялари трестга қарашли ишлаб чиқариш майдонларида тайёрланмоқда. Йўл ўтказгич устунларини жойлаштиришга мўлжалланган мослама ва бир қанча керакли материаллар «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамият тасарруфидаги саноат корхоналарида ишлаб чиқариляпти. Бу эса қурилиш объекти таннархининг бирмунча арзон бўлишига, ортиқча сарф харажатларнинг олдини олишга имкон беради.

Албатта, бу иншоот қуриб фойдаланишга топширилса, ҳудуддаги автомобиллар тирбандликларининг олди олинади, ортиқча вақт йўқотишга чек қўйилади. Жорий йилда «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси томонидан 7 та кўприк ва йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Дастлабки бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган.

Top