08:15 / 28.02.2018
5540

АҚШ Олий суди депортация қилинишдан олдин муҳожирларни муддатсиз ҳибсга олишга рухсат берди

Фото: CC BY-SA 2.0 / Brian Carpani / Wichita PD

АҚШ Олий суди сешанба куни шундай қарор қабул қилдики, у Қўшма Штатлар ҳукумати депортация қилишни истаган муҳожирларни қамоқда исталган муддат давомида сақлашга олиб келиши мумкин. 

Олий суд қуйи суд қарорини беш овозга қарши уч овоз билан бекор қилди. Аввалги қарорда депортация қилиш ҳақида қарор қамоққа олинганидан олти ой ўтиб ҳам қабул қилинмаган мигрантларни гаров эвазига озод этиш имконияти назарда тутилганди. Кутилганидек, бундай қарорга республикачи президентлар томонидан тайинланган беш судья овоз берган бўлса, демократларга яқин уч судья қарши чиқди, либерал қанотдаги бир судья овоз бермади.

Олий суд ишни округ судига қайтариб, АҚШ конституцияси қўлга олинган мигрантларга гаров пули бўйича эшитувлар ўтказишни талаб этишига оид масалага ойдинлик киритишни талаб қилди. АҚШда ҳам Олий суд, ҳам федерал судлар конституцияни ўз талқинига кўра қабул қилиши мумкин, гарчи сўнгги сўз ҳуқуқи барибир юқори инстанцияда қолади.

Top