08:43 / 30.03.2018
15213

Президент мева-сабзавотчилик соҳаси ривожига тўсқинлик қилаётган омилларни белгилаб берди

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, хорижий мева-сабзавот маҳсулотлари бозорларидаги юқори даражадаги рақобат агротехниканинг ҳамда ишлаб чиқариш ва маҳсулот етказиб бериш жараёнларини бошқаришнинг замонавий услубларини жадал равишда жорий этишни талаб қилмоқда. 

Бироқ қатор салбий омиллар мамлакат агросаноат соҳаси салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Улар жумласига қуйидагилар киради:

биринчидан, мева-сабзавот маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари ва тайёрловчилари ўртасида мева-сабзавот экинлари бозорида харидоргир экинлар ва уларнинг навларини жойлаштириш масалаларида ўзаро ҳамкорликнинг бозор механизмларидан тўлиқ фойдаланмаслик;

иккинчидан, тузилган шартномаларни ўз вақтида, сифатли, тўлиқ ёки мутлақо бажармаслик каби ҳаракатларда намоён бўлувчи кичик қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан шартнома интизомига риоя қилиш даражасининг пастлиги;

учинчидан, қишлоқ хўжалиги меҳнатини механизациялаштириш, замонавий интенсив, аввало, сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, уларни сақлаш ва транспортировка қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг мустақил равишда ташқи бозорга чиқиши учун молия ресурсларини жамғариш учун қулай имкониятларнинг йўқлиги;

тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг бозорларда харидоргир бўлган юқори ҳосилдорликка эга ва сифатли навларнинг уруғи, кўчати  билан қониқарли равишда таъминланмаганлиги;

бешинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг реал эҳтиёжларига жавоб бермайдиган кадрлар тайёрлаш тизимининг паст даражаси, жумладан, замонавий билимларга эга ўрта ва олий бўғиннинг юқори малакали мутахассисларини тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлиги;

олтинчидан, логистика ва транспорт инфратузилмаси ривожланмаганлиги ҳосилнинг бир қисми нобуд бўлиши, шунингдек, етиштирилган маҳсулотни арзон нархларда сотиш ва натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг қониқарсиз молиявий кўрсаткичларига сабаб бўлмоқда;

еттинчидан, турли экинлар агротехнологияларининг долзарб масалалари ва уларни амалиётга жорий этиш бўйича чуқур илмий тадқиқотларнинг йўқлиги, илмий институтлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг паст даражаси.

Top