16:37 / 19.04.2018
4054

1-чоракда маъмурий судлар томонидан 102 мингдан ортиқ шахсга нисбатан ишлар кўриб чиқилди

Фото: РИА Новости/Максим Богодвид

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, 2017 йил 1 июндан ўз фаолиятини бошлаган маъмурий судлар одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида самарали фаолият юритмоқда.

2018 йилнинг биринчи чорагида маъмурий судлар томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш, нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш ва давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш билан боғлиқ 4 783 та иш кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидовнинг хабар беришича, бунинг натижасида 3 416 фуқаронинг ҳуқуқи тикланди.

Шунингдек, ҳисобот даврида маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 102 481 нафар шахсга нисбатан 84 141 та иш кўриб чиқилди.

Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариши, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, тегишли ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш билан лицензиясиз шуғулланиш, майда безорилик, милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, паспорт тизими қоидаларини бузиш ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Шу билан бирга 73 394 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Top