13:06 / 25.04.2018
17334

Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг икки томонлама учрашувига тайёргарлик Пекинда муҳокама қилинди

2018 йилнинг 24 апрель куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Февралдаги учрашув давоми сифатида ТИВ раҳбарлари томонидан сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг аниқ йўллари муҳокама қилинди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Таъкидланганидек, Ўзбекистон президентининг 2017 йил май ойидаги Хитойга кўлами ва самарадорлигига кўра тарихий давлат ташрифи икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди, давлат раҳбарлари ўртасидаги юқори даражадаги ўзаро ишончни намойиш этди.

Вазирлар ШҲТ давлат раҳбарларининг Циндао шаҳрида бўлажак мажлисига ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой раиси Си Цзиньпиннинг икки томонлама учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашдилар.

Минтақавий кун тартибини муҳокама қилиш чоғида Абдулазиз Комилов ва Ван И томонидан Тошкентда март ойида бўлиб ўтган ва Хитойнинг нуфузли делегацияси фаол иштирок этган Афғонистон бўйича юқори даражали халқаро конференция натижалари юқори баҳоланди ва Афғонистон можаросини ҳал этиш доирасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари тасдиқланди.

Учрашувда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг бошқа долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.

 

Top