08:24 / 27.04.2018
20716

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди

Фото: Alamy

Ўзбекистон Республикаси президенти “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА'да эълон қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Кенгашнинг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. 

Белгиланишича: 

а) қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади: 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан тегишлича 350 миллиард сўм ҳамда 150 миллиард сўм миқдорида ажратиладиган бир марталик беғараз молиявий ёрдам; 

аукцион савдоларида фуқароларга ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сотишдан тушадиган тушумнинг 10 фоизи; 

Жамғармага юклатилган вазифаларни бажариш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари; 

Жамғарманинг даромадлари, шу жумладан, маблағларни депозит ҳисобрақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар; 

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар; 

б) Жамғарма маблағлари қуйидагилар учун фойдаланилади: 

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, шу жумладан, 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар бериш учун “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига ресурслар жойлаштириш; 

тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида 2 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда “Томорқа хизмати” МЧЖ, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, таъминлаш, савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва транспортларини сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга кредитлар бериш; 

Жамғармани сақлаб туриш ва фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш; 

айланма маблағларга муҳтож бўлган “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг устав фондини 25 фоиздан кам бўлмаган миқдорда шакллантириш; 

фермер, деҳқон хўжаликларига ва томорқа ерларини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа йўналишлар; 

в) Жамғарма маблағлари ҳисобидан кредитлар ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан келишилган ҳолда берилади; 

г) маблағларни тижорат банкларига жойлаштириш ҳисобидан олинадиган даромадларнинг 30 фоизигача миқдордаги Жамғарма даромадлари Кенгашни моддий-техник ҳамда молиявий жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, унинг ходимларини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади. 

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан мазкур қарорга мувофиқ ажратилган кредит маблағлари ҳисобига етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозор нархлари бўйича харид қилинишини таъминлайди. 

Белгиланишича, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва “Томорқа хизмати” МЧЖлар ўзларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бошқа шахсларга ҳам сотиш ҳуқуқига эга. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Жамғарманинг Васийлик кенгаши, Низоми ҳамда 25 штат бирликдан, шу жумладан, 7 та бирлик марказий аппаратда, 18 та бирлик Жамғарманинг ҳудудий вакилларидан иборат бўлган Жамғарма ижро этувчи аппарати тузилмасини тасдиқлайди.

Жамғарма Васийлик кенгаши ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиб боради. 

Қуйидагилар: 

Жамғарма барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан; 

“Томорқа хизмати” МЧЖлар давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб мазкур қарорга мувофиқ уларнинг асосий фаолияти доирасида 3 йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан; 

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун жиҳозлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда қишлоқ хўжалиги транспорт воситалари белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича 2021 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари); 

“Томорқа хизмати” МЧЖ ёки фермер хўжаликлари билан тузилган касаначилик шартномаси асосида фаолият юритаётган томорқа ер эгалари – жисмоний шахслар уларнинг касаначилик фаолияти доирасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод қилинди. 

Белгиланишича, 2018 йил 1 июлдан: 

деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади; 

Кенгаш тизимида ишлайдиган пенсионерларга пенсиялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ тўланади; 

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов 5 фоиз миқдорида тўланади. 

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг қўшимча йўналишлари деб ҳисобланади: 

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача бўлган миқдорда субсидиялар бериш; 

касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида 
касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун грантлар ажратиш. 

Top