11:15 / 02.05.2018
38195

Тарбиячи болаларга айтиши мумкин бўлмаган беозор иборалар

Тарбиячиларга болакайлар кўнглига озор бермайдиган, уларнинг нозик қалбини жароҳатламайдиган иборалар ҳақида сўзлаб бермоқчимиз.

Москва давлат Педагогика университети профессори Татьяна Абдулованингэнг хавфли ибора ва тавсиялар мақоласида тарбиячиларнинг болалар билан тўғри мулоқот қилишида асқотадиган маълумотлар ўрин олган.  

Болани катталар ва (ёки) унинг тенгдошларидан психологик ажратиш ва таҳқирлаш.

Ибора намуналари: “У билан гаплашманглар, бир ўзи ўтирсин”; “Мен сени кўришни ҳам истамайман”.

Бу каби сўзлар болага кучли даражадаги салбий тарбиявий таъсир кўрсатади. Бола бу сўзларни эшитгач, ўзини хўрланган, кераксиздек ҳис этади. Бу иборалар боланинг руҳий мувозанатини бузади, шу боис ҳам бола бунга дарҳол ўз мунособатини билдиради: у аразлайди ва яккаланиб қолади. Бироқ кейин у жароҳатланган кўнглини аста-секин тиклашга уринади. Бундан ташқари, бундай салбий иборалар болаларни заҳарлаш учун ҳам шароит яратади, атрофдаги болалар ўзларини хўрланган бола ўрнида кўра олмайди, лекин улар унинг таҳқирланганини кўради ва у боланинг олдида ўзларини устун ҳис қила бошлайди.

Мутахассис тавсияси:  Тарбиячининг вазифаси -  болаларни биргаликда ишлашга ўргатиш. Шу боис, мулоқот жараёнида болани ажратувчи жумлалардан эмас,“Келинг, Аняга ёрдамлашамиз” қабилидаги  болаларни ҳамкорликда ишлашга кўмаклашувчи иборалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Атрофдагилардан бегоналаштирувчи-четлатувчи иборалар.

Ибора намуналари: “Эркаланиб кетсанг, бошқа гуруҳга ўтказаман”; “Бас қилмасанг, мудира хонасига жўнатаман”.

Тарбиячилар болаларнинг ахлоқсизлиги учун уларни жазолаш мақсадида ана шу ибораларни қўллайди – болани унга нотаниш жойга олиб боришларини ваъда қилишади. Айни пайтда ушбу нотаниш жой фақат қўрқинчли бўлибгина қолмай (ҳамшира хонаси, мудира кабинети), камситувчи бўлиши ҳам мумкин (ҳожатхона, омборхона). Кўпчилик болалар нотаниш жойни хавф-хатар сифатида қабул қилади ва бу каби эҳтиётсизлик билан айтилган иборалар уларда қўрқув ҳиссининг шаклланишига сабаб бўлиши мумкин.

Мутахассис тавсияси: Мактабгача таълим ёшидаги боланинг энг асосий ва нозик эҳтиёжларидан бири - бу унинг хавфсизлик ва ўзининг қабул қилинишига бўлган эҳтиёжидир. Болалар боғчасида ушбу эҳтиёжлар шундоқ ҳам болаларнинг ота-оналари билан айрилгани сабабли бузилади. Вазиятни янада мураккаблаштирмаслик учун, болалар билан мулоқот жараёнида ушбу гуруҳга оид ибораларни қўлламаслик даркор.

Боланинг қадр-қимматини туширувчи ва шахсиятига тегувчи иборалар.

Ибора намуналари: “Ўзинггга бир қара-чи, кимга ухшайсан...”; “Сенга ўхшаган бола билан ким ҳам ўйнарди”; “Ўқимасанг – аҳмоқлигингча қолиб кетасан”; “Ўзингни ёш боладек тутаверсанг, сени кичик гуруҳга топшираман”.

Бу гуруҳга кирувчи иборалар болага баҳо берадиган иборалардир. Улар болада ўз қадр-қимматини шакллантиришига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, болалар педагогларнинг уларга берган баҳосига тез кўникади: “Ахир унинг ёши катта, менинг қандайлигимни билади”. Болани ёмон деб баҳолашларидан сўнг, унга тарбиявий таъсир ўтказиш мушкул.

Мутахассис тавсияси:  Болада танқидий фикр ва ўз ҳаракатларини тўғри баҳолаш кўникмаларини шакллантириш учун умумий ва қатъий оҳангдаги гаплардан қочиш лозим. Мактабгача тарбия ёшида болада ўз қадр- қимматини юксак баҳолаш даражаси юқори бўлади, шу боис ҳам тарбиячи ҳар қандай вазиятда унинг ахлоқини бола билан биргаликда кўриб чиқиши керак.

Салбий (негатив) келажакни шакллантирувчи иборалар.

Ибора намуналари: “Ўзингни шунақа тутаверсанг, билмадим бу кетишда  қаёққа борасан”; “Агар яна бир марта шунақа қиладиган бўлсанг, сени боғчадан ҳайдаб юборишади”, “Агар кам овқат есанг, кичкина, озғин бўлиб қолиб кетасан”.

Тарбиячи бу каби ибораларни қўллаш орқали болада салбий келажак ҳақида тасаввур ва вақтга нисбатан нотўғри тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлади. Болалар пассив бўлиб улғаяди,  уларда ўз келажагига, истиқболига нисбатан ижодкорлик қобилияти сусаяди. Бу кейинчалик уларнинг мактабда таълим олишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Болаларни ейишга мажбурлаш уларда стресс ҳолатига, овқатланишга нисбатан нотўғри кўникмаларнинг шаклланишига олиб келиши мумкин.

Мутахассис тавсияси:  Педагог болалар ҳаётини позитивлик билан тўлдириши, уларда ўз қадр-қимматини тўғри баҳолаш кўникмасини мустаҳкамлаши, ўзлари эришган кичик муваффақиятларни тўғри англаб етишга ёрдам бериши, “Сен энди буни ўзинг бажара оласан”, “Сен буни уддалайсан” қабилидаги сўзлардан фойдаланиши керак.

 

Мазмунида гендер чекловлари мавжуд бўлган иборалар.

Ибора намуналари: “Сен ўзингни худди ўғил(қиз) боладек тутяпсан”; “Ана шундай ёмон бўлаверсанг, сени ҳеч ким келин қилмайди. Бунақалар кимга ҳам керак?”; “Ҳақиқий ўғил болалар йиғламайди”.

Бундай иборалар болалар гендер хулқ атвори, ўзларини маълум жинс вакили эканлигини эндигина англаб етаётган муҳим жараённинг зил кетишига сабаб бўлиши мумкин. Ўғил болалар бошқаларни ҳимоя қилиш, ўз манфаатидан  ўзгалар манфаатини устун билиш, дунёни ўзгартириш каби қобилиятлари орқали ўзларини ўғил бола эканлигини тушуниб етади. Ғамхўрлик, меҳрибонлик, бошқалар билан мулойим муносабатда бўлиш орқали келишувчанлик каби қобилиятлари қиз болаларга хосдир.

Мутахассис тавсияси:  Тарбиячи бу борада болалар учун муҳим шароитлар яратиб бериши лозим, бунда болаларнинг ўз тенгдошлари билан ўзаро муносабатда бўлиши, атрофдаги инсонлар ва катталарнинг ахлоқий намуналари акс этган ўйинлар ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.

Болада ўз мустақил фикри ва  ташаббускорлигига нисбатан шубҳа уйғотадиган иборалар.

Ибора намуналари: “Ҳамма бу ишни  бажара олади, битта сен эплай олмайсан”;  “Қаерда бунақа уйни кўргансан. Шу ҳам уйми, қоровулхонанинг ўзгинаси!”; “Қўлми бу нима, шунақа ҳам бажарасанми ишни?”; “Нима, менга ҳамма нарса мумкин деб ўйладингми?”.

Бу каби иборалар болаларда ташаббускорликни сўндиради. Уларда ўзига нисбатан ишончсизликни пайдо қилади, машғулотларга қизиқиши сусаяди. Айни дамда, айнан мактабгача тарбия ёшида болаларда  ташаббускорлик, мақсадга интилиш,  ўз ғоя ва мақсадларини тақдим этиш каби фазилатлар шаклланади.

Мутахассис тавсияси:  Болалардаги фаолликни чегараламаслик, аксинча, маълум муаммо ечимига доир оқилона фикрлар таклиф этиш керак. Масалан, ҳар бир бола  ўз ғоясини тақдим эта оладиган ўйин ташкил қилса ҳам бўлади. Педагог вазифаси болаларнинг қизиқишларини эътиборга олган ҳолда, уларни рўёбга чиқарса бўладиган, самарали бўлишига ёрдам бериш, улардаги мустақилликни рағбатлантириш: “Буни қандай ўйлаб топдинг, қандай ажойиб фикр!”

Болани ота-оналар томонидан таҳқирлайдиган иборалар.

Ибора намуналари:  “Нима бўлганини ойингга айтишим керак”; “Нима, сен дадангни хафа қилишни ҳоҳлаяпсанми?”; “Ўзингни шунақа тутсанг, ойинг сени уйга олиб кетмайди”.

Бу каби сўзлар ҳар тарафлама зарарли ҳисобланади. Бундай иборалар болаларни қўрқитади, уларнинг ота-онаси билан бўлган эмоционал  ҳисларини барбод этади, болада таҳқирланиш ва кераксизлик  ҳисларини пайдо  қилади, ота-оналарни эса  хавф-хатар ва жазолаш манбаи сифатида кўришга олиб келади.

Бундан ташқари, бу каби салбий иборалар дўқ-пўписа, сотқинликни ифодалайди ҳамда тарбиячининг бола ҳатти-ҳаракати бўйича  жавобгарликни ўз бўйнига олиши ва муаммони шу ернинг ўзида ҳозироқ ҳал қилишга тайёр эмаслигини кўрсатади.

Мутахассис тавсияси: Тарбиячи гуруҳда пайдо бўладиган  ҳар қандай муаммони ўз мақоми даражасида ҳал қила олиши керак. Бунда бола билан ишлаш, муайян муаммони уларнинг оналари келишини кутиб ўтирмаган ҳолда, шу заҳотиёқ ҳал қилиш йўлларини биргаликда излаши лозим.

Тўрабек Тўраев тайёрлади.

Top