08:13 / 04.05.2018
3263

АҚШда Volkswagen’нинг собиқ раҳбари ва 5 ходимига дизель можароси бўйича айблов эълон қилинди 

Фото: РИА Новости / Михаил Фомичев

Мичиган штати прокуратураси Volkswagen концернининг собиқ раҳбари Мартин Винтеркорнга дизел автомобиллар чиқарадиган моддалар билан фирибгарлик қилиш иши бўйича жиноий айблов эълон қилди. 

Винтеркорнга АҚШ ҳукуматига қарши фирибгарлик мақсадида тил бириктириш ва АҚШнинг “Тоза ҳаво тўғрисида”ги қонунини бузиш айблари қўйилди. Винтеркорн билан бирга концерннинг яна 5 собиқ ходимига ҳам айбловлар қўйилмоқда. Булар: АҚШ бозори учун янги двигателни яратиш билан шуғулланган муҳандислар жамоаси раҳбари Ричард Доренкамп, концерн брендини ривожлантириш бўлими бошлиғи 
Хайнц-Якоб Нойсер, двигателлар ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Йенс Хадлер, сифатни назорат қилиш бўлими нозири Бернд Готтвайс, концерннинг сертификатлаш гуруҳи ходими Юрген Петер.

Винтеркорн концернни 2007-2015 йиллар давомида бошқарган ва директорлар кенгаши раиси бўлган. 

Айблов томонининг таъкидлашича, концерн ходимлари двигателлар стандартларга тўғри келмаслигини яхши билган ҳолда, ташқарига чиқариладиган моддалар синовлари натижаларини сохталаштириш мақсадида тил бириктирганлар.  

Volkswagen АҚШда дизел автомобилларини ташқарига чиқарадиган зарарли моддалар ҳақиқий қўрсаткичларини камайтирувчи дастурий таъминот билан жиҳозлаганликда айбланганди. Концерн можарони ҳал қилиш мақсадида АҚШда 2009-2015 йилларда сотилган Volkswagen ва Audi маркаларидаги 482 мингта енгил автомобилни мижозлардан сотиб олиш ва уларга товон пули тўлашга келишиб олган. 

2017 йил январда концерн АҚШ ҳукумати билан дизел можароси доирасида 4,3 млрд долларлик жарима тўлаш бўйича келишиб олган. 

Top