10:09 / 04.05.2018
8025

Ўзбек ва корейс ижодкорлари биргаликда телесериал тасвирга олишни режалаштирмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Корея Республикасининг Шимол билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси Сон Ён Гил​ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида ҳамкорликда телесериал яратиш масаласини муҳокама этди.  

«Бугун жаноб Президент билан учрашувда ўзаро савдо-сотиқ бўйича икки томонлама алоқалар, давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлари, стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва унинг доирасидаги истиқболли йўналишлар юзасидан суҳбатлашиб олдик. 

Ўзбекистон ва Корея ўртасида ишлаб чиқилган лойиҳаларни ўз вақтида ва тўла бажарилишини таъминлаш бу - ҳамкорликнинг принципиал вазифаларидан ҳисобланади. 

Ўзбекистон телеканаллари ва Корея Республикасининг KBS телеканали билан ҳамкорликда телесериаллар яратиш масаласини ҳам муҳокама этдик»​, дейди Сон Ён Гил. 

Жорий йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасининг Шимол билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси Сон Ён Гил бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутларкан, дўст Жанубий Корея раҳбарияти ва халқини жорий йил 27 апрель куни Пханмунджомда Кореялараро саммит муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор табриклади.​
Ушбу тарихий тадбир Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг КХДР билан муносабатларни яхшилаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ишонч муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган «Янги шимолий сиёсат»ни рўёбга чиқариш борасидаги қатъий позицияси ва саъй-ҳаракатлари туфайли самарали натижалар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Top