01:44 / 06.05.2018
16040

“Одамзот томонидан яратилмаган журнал”: судьялар даъвогар меҳнатини ана шундай баҳолашди

Тошкент шаҳар Иқтисодий суди Аппеляция инстанциясининг 2018 йил 5 мартдаги №1001-1731/15747-сон қарорида “одамзот томонидан яратилмаган журнал” ҳақида сўз боради. Қандай қилиб журнал, яъни босма нашрда қоғоздан тайёрланган маҳсулот ўз-ўзидан пайдо бўлди?

Гап шундаки, тадбиркор Анвар Жалолов “Ҳисобот журнали” номи билан маҳсулот чиқариб, уни узоқ йиллардан буён сотувга қўйиб келган. Бу журнал Жалоловнинг илмий иши натижасида яратилган.

Лекин 2017 йилнинг августида мазкур маҳсулот ўзбошимчалик билан ўзлаштирилиб “Spectrum media group” MChJ (SMG корхонаси) томонидан сохта (контрафакт) товар сифатида бозорда сотилган. Буни кўрган Жалолов, аввалига, ўз муаллифлигини асослаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилганди. Унинг хулосасини олгач, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ​Департаменти Тошкент шаҳар Чилонзор туман бўлимига мурожаат қилган. Департамент аризачига судга мурожаат қилишни тавсия этган. Кўрсатма бўйича Жалолов Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилган. Бу суд, табиийки, Агентликнинг хулосаси асосида даъвогарнинг даъвосини қондирган ва сохта маҳсулот ишлаб чиқарган тадбиркорга қонунда белгиланган чораларни қўллаган. 

Шу билан адолат тантана қилди, деб бу хабар якунланиши керак эди, лекин қизиқ воқеалар шундан сўнг рўй бера бошлади. Аввалига сохта маҳсулот ишлаб чиқарган тадбиркор – SMG корхонаси ўзининг хатти-ҳаракатларини нотўғри эканлигини тан олди, кичик миқдорда товон тўлашини муаллифга билдирди ва бунинг эвазига муаллиф ўзининг барча талабларидан воз кечиши зарур эди. Бўлмади, келтирилган зарар ҳажмида келиша олинмади. Шундан сўнг жавобгар томон апелляция инстанциясига мурожаат қилди.

“Апелляция инстанциясида иштирок этаётган пайтда ва суд якунида эълон қилинган қарорни эшитганда қандайдир туш кўраяпман, деб ўйладим”, – дейди А.Жалолов. – “Судьяларнинг мулоҳазасига асосан, эмишки, журнал одамзот томонидан яратилмаган, у ижодий меҳнат маҳсули эмас ва якка тартибда ишлаб чиқарилмаган. Ваҳоланки журнал муқовасида менинг исмим ва фамилиям ёзиб қўйилган. Бундай хулосадан мақсад шуки, агар мени одам эмас деб топишса, унда мендаги муаллифлик ҳуқуқи йўқолади, демакки, бундай ҳуқуқ жавобгар томонда пайдо бўлади”.

Шундай ҳам бўлди. Апелляция судининг юқорида тилга олинган Қарори асосида бугунги кунда саккиз йилдан буён журнални чиқариб юрган, бир неча ўн минглаб одамларга бу маҳсулотдан қандай фойдаланиш юзасидан семинарлар, рекламалар уюштириб маҳсулотни харидоргир қилган ҳақиқий муаллиф – муаллиф эмас, деб топилди.

Тадбиркорнинг айтишича, шу вақтнинг ўзида, харидоргир маҳсулотни бир неча кунда ўзлаштириб, бирдан пайдо бўлган “сохта муаллиф” – товарнинг эгасига айланди! Устига-устак Жалоловдан 3 млн. 508 минг 325 сўм жарима ундирилган. Айбдор ўз айбини тан олиб, товон тўлайман деб турган бир пайтда, суд уни айбсиз деб топиб, ҳақиқий муаллифни жаримага тортган.

Суд қарорини кўриб чиқар эканмиз, Интеллектуал мулк агентлигининг иш юзасидан бир нечта хулосалари инобатга олинмаганига гувоҳ бўлдик. Бунга судьялар шундай изоҳ беришган: «Агентликнинг фуқаронинг мурожаатига берган жавоб хати расмий хулоса ҳисобланмайди ва суд жараёнида далил сифатида ўтмайди».

Тадбикорни қийнаётган масала ҳам айнан шу: агар агентликнинг жавоб хати далил сифатида тан олинмаса, унда нима учун суд алоҳида экспертиза тайинламаган? Суднинг ўзи расман мурожаат қилиб, далилга ўтадиган кўринишдаги хулосани олиши мумкин эди-ку. Нима учун шу ишни қилишмаган? Ёки ҳеч бўлмаса, суд жараёнига мутахассис сифатида жалб қилиниб, даъвогарнинг тарафини олиб, «журнал интеллектуал мулк объекти ҳисобланади» дея хулоса берган Интеллектуал мулк агентлиги ходимининг сўзлари нима учун инобатга олинмади?​

Хуллас, охир-оқибат апелляция инстанциясининг судьялари Б.Шомақсудов, А.Усманов, Б.Исрайловлар: на Интеллектуал мулк агентлигининг – «муаллиф А.Жалолов» деган хулосасига (ваҳолангки, айнан шу Агентлик муаллифлик ҳуқуқини белгилаш ваколатига эга ташкилот ҳисобланади), на Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг – «мазкур журнал А.Жалоловнинг илмий иши» деган хулосасига, на муаллифнинг ўзи томонидан келтирилган асосларга қулоқ солмади. Жавобгар эса нашрга рухсат ёки ижодни тасдиқловчи биронта асосни тақдим этмади, лекин у ғолиб!

Ўйлаймизки, тегишли давлат органлари бундай кулгули юридик ҳолат бўйича ўз хулосаларини берадилар ва уларни биз ўз хабарларимизда ўқувчиларимизга тақдим этамиз.

P.S: Апелляция судининг қарори, Биринчи инстанция судининг қарори, Интеллектуал мулк агентлигининг хулосаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакилининг тушунтириш хатлари KUN.UZ таҳририятига илова қилиб юборилган.

Илёс Сафаров

Top