11:44 / 15.05.2018
6545

Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигини ташкил этиш ташаббусига қўл урилди

Молия вазирлиги президентнинг «Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантирилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасини эълон қилди.

Norma’нинг ёзишича, қуйидагиларни тақиқлаш таклиф этилмоқда:

• суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) фаолиятига маъмурий аралашув, суғурта захираларининг мақсадли маблағларини ўзга мақсаддаги харажатлар, хайрия ва бошқа мақсадларга йўналтириш ва қўллаш;
• суғурталовчини (қайта суғурталовчини) шартномалар тузишга ва асоссиз равишда, юз бериши аниқ бўлган хатарларни зиммасига олишга мажбурлаш;
• бозордаги соғлом рақобат принципларини бузиш, тарифларнинг бозордаги ўртача тарифлардан асоссиз равишда ва анча фарқланиши, суғурта хизматларини сотишда демпинг схемаларидан фойдаланиш.  
 
Қонунбузарликлар учун айбдор шахсларга нисбатан суғурталовчиларга (қайта суғурталовчиларга) етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш, фаолиятида ушбу далиллар аниқланган суғурталовчиларнинг лицензияларини эса чақириб олишгача бўлган қатъий чоралар қўлланади.
 
Шунингдек қуйидагилар режалаштирилмоқда:

• суғурта ташкилотларининг алоҳида бўлинмалари раҳбари ва бош бухгалтери лавозимига номзодларни олдиндан келишиб олиш амалиётини бекор қилиб, тўлиқ жавобгарликни суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) раҳбарияти зиммасига юклаш; 
• 2018–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантирилишини таъминлаш бўйича йўл харитасини маъқуллаш;
• суғурта фаолияти турлари ва соҳаларига қараб табақалаштирилган суғурталовчилар устав капиталининг энг кам миқдорларини ошириш;
• 2019 йил 1 январдан бошлаб бўшатилаётган маблағларни устав капиталини оширишга мақсадли йўналтирган ва уларни мазкур қарор билан қўйиладиган талабларга мувофиқлаштирган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) даромад (фойда) солиғини тўлашдан озод қилиш;
• суғурта товонларини тўлаш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини бирхиллаштириш ва соддалаштиришни назарда тутувчи суғурта эътирозларини тартибга солишнинг намунавий услубиятларини жорий этиш;
• суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) халқаро молиявий ҳисобот ва ҳисоб стандартларига босқичма-босқич ўтишини амалга ошириш;
• суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) KPMG, PwC, Deloitte ва бошқа етакчи аудиторлик компанияларининг хулосаларини, шунингдек Moody’s, Fitch ва Standard&Poors халқаро рейтинг агентликларининг рейтинг баҳоларини босқичма-босқич олишларини таъминлаш;
• суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ҳамда махсус ваколатли давлат органи ўртасида реал вақт режимида масофадан туриб суғурта хизматлари кўрсатиш ва электрон маълумотлар айирбошлаш учун бизнес-жараёнларни ва тартиб-таомилларни рақамлаштириш; 
• тўлов қобилиятини, молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлаш, активлар, инвестиция портфелининг сифатини, хусусий капитал, суғурта захиралари маблағлари ва бошқа мажбуриятларни жойлаштириш транспарентлигини ошириш;
• корпоратив бошқарув тизимини, суғурта таваккалчиликлари ва риск-менежмент баҳоланишини такомиллаштириш;
• аҳоли ва тадбиркорларнинг молиявий саводхонлиги ва суғурта бозорига ишонч даражасини ошириш;
• мижозларнинг суғурта хизматларига эҳтиёжларини мунтазам мониторинг қилиш, суғурта хизмати кўрсатиш маданиятини ошириш ва аҳоли орасида талабгир бўлган суғурта хизматларини кўрсатиш.
 
2019 йил 1 январдан бошлаб суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) устав капиталида қуйидагиларнинг иштирок этишини тақиқлаш таклиф этилмоқда:

• оффшор зоналарда рўйхатдан ўтказилган норезидент юридик шахслар ва оффшор зоналарда яшовчи фуқаролар;
• мазкур суғурталовчи ўз фаолиятини амалга ошираётган худди шу суғурта соҳасида фаолият юритувчи суғурта ташкилотлари.
 
Фаолият юритаётган суғурталовчиларга устав капитали тузилмасини ушбу талабларга мувофиқлаштириш мажбуриятини юклаш режалаштирилмоқда.
 
Етакчи халқаро суғурта компанияларини технологик ҳамкор ва/ёки муассис сифатида жалб этган ҳолда йирик қайта суғурталаш компаниясини ташкил этиш ташаббусига қўл урилди.  
 
Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекциясини тугатиш, шунингдек Молия вазирлиги ҳузурида Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигини (бундан кейин – Агентлик) ҳамда Агентлик ҳузурида суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш хизматини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
 
Режада – суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) умумий суғурта соҳасидаги суғурта мукофотлари йиғимларидан 0,3% миқдоридаги ажратмаларини мақсадли жамғариш учун Молия вазирлигида махсус счёт очиш. Счётдаги маблағларни қуйидагиларга йўналтириш таклиф этилмоқда:
 
• суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) билан Агентлик ўртасида маълумотларни айирбошлаш учун ахборот технологияларини жорий этиш, жараёнлар ва тартиб-таомилларни рақамлаштириш, масофадан туриб онлайн-назорат қилиш шароитларини яратиш тадбирларини молиялаштириш;
• Агентлик ходимлари ва суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг моддий-техника базасини яхшилаш, моддий рағбатлантириш, халқаро назорат тузилмалари ва институтларининг малакали экспертларини жалб этган, шунингдек ходимларни хорижга чиқарган ҳолда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш.
 
Молия вазирлигининг расмий саҳифасида таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни билдириш мумкин.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Top