14:08 / 16.05.2018
8868

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси Ўш шаҳрида сайёр консуллик қабулини ўтказди

Фото: Kun.uz

2018 йилнинг 11-12 май кунлари Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистон Республикасидаги элчихонаси Ўш шаҳрида Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларида вақтинча ёки доимий яшаётган фуқаролар учун сайёр консуллик қабулини ўтказди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

Сайёр қабул давомида Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидан келган 50дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари консуллик масалалари бўйича маслаҳат ва ёрдам олдилар. Ўзбекистонликлар сўраган асосий саволлар Қирғизистон ҳудудида туғилган болаларнинг фуқаролиги ва уларга Ўзбекистон Республикаси ҳужжатларини олиш, Ўзбекистонга қайтиш сертификати, паспорт бериш ёки алмаштириш, оилавий аҳволи, фуқаролиги, судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни расмийлаштириш ва сўровга кўра бошқа ҳужжатларни олишга доир.

Шунингдек, Ўш вилояти ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари, ишлаш учун рухсатни расмийлаштириш масалалари бўйича маслаҳат беришни сўрадилар.

Консуллик қабулини ташкил этишда элчихонага Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилоятидаги вакили ваколатхонаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг жанубдаги ваколатхонаси кўмак кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон жанубида яшовчи Ўзбекистон фуқаролари учун сайёр қабул ўтказилиши хабар берилганди.

Top