19:37 / 16.05.2018
33643

Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларидаги сув тошқинлари бўйича расмий маълумот берилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ёққан кучли ёмғирлар ҳақида маълумот берди.

«2018 йил 15 май куни Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Деҳқонобод туманларида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиб ўтди. Қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши натижасида, «Самарқанд-Қарши» автомобиль йўлининг тагидан ўтган қувурларга ёмғир суви билан оқиб келган шох-шаббалар тиқилиб қолган ва ёмғир суви йўлнинг устки қисмидан ўтган. Кўрсатилган туманлар ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли қишлоқлардан ўтувчи ариқлардан ҳам сув тошиб чиқиб, баъзи хонадон ва ҳовлиларига тошиб кирган. Ёмғир ва сел натижасида автомобиль йўлига етказилган зарарлар тезлик билан бартараф қилиниб, автомобиллар ҳаракати тикланган ҳамда моддий зиён кўрган фуқаролар ва экин майдонларига, зарар етган фермер хўжаликларига ёрдам кўрсатиш ташкил қилинган. Жароҳатланганлар йўқ», дейилган хабарда.

Бундан олдинроқ 13-14-15 май кунлари ёққан узлуксиз ёмғир (жала) оқибатида Қашқадарё вилоятининг Китоб, Чироқчи, Яккабоғ ва Деҳқонобод туманларида бир неча бор сел тошқинлари кузатилгани, Китоб туманида селдан 200дан хонадон хонадон зарар кўргани, сел оқими аҳоли хонадонларида парваришланаётган 120дан ортиқ чорва молларини оқизиб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Top