11:28 / 31.05.2018
8801

ЖССТ чекиш туфайли ҳар йили қанча одам ҳаётдан кўз юмишини маълум қилди

Фото: Кирилл Кухмарь/ТАСС

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, 2000 йилдан бери тамаки истеъмол қилиш даражаси сезиларли камайди, аммо натижалар одамларнинг юрак-қон томир ва бошқа юқумсиз касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмиш ҳолатларини камайтириш бўйича глобал мақсадларга эришиш учун етарли эмас.

Тамакисиз халқаро кун (31 майда нишонланади) муносабати билан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, чекиш туфайли дунё бўйлаб ҳар йили тахминан 7 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2000 йилдан бери дунёдаги чекувчилар сони 27 фоиздан 20 фоизгача камайган. Бироқ, ташкилотда қайд этилишича, бундай суръатлар 2025 йилга келиб чекувчилар сонини 30 фоизга камайтириш учун етарли бўлмаслиги мумкин.

«Кўпчилик тамаки истеъмол қилиш саратон хавфини оширишини яхши билади, аммо юрак-қон томир касалликларнинг ривожланиши билан боғлиқ бўлган хатарлар ҳақидаги тушунчанинг камлиги ташвишга сабаб бўлмоқда», - дея қўшимча қилинган ЖССТ сайтида. 

Ташкилотдан эслатишларича, чекиш ёки пассив чекиш юрак-қон томир касалликлари, шунингдек, юрак хуружлари ва инсультларнинг асосий сабабидир. Ҳар йили бу касалликлардан 3 миллион одам вафот этади.

Top