13:34 / 11.06.2018
13763

Сотувчининг “сеҳр”ли сўзи бўлмаса...

Сотувчининг, авваламбор, тили ширин бўлсин! Нима дедингиз? Дўконга кирсангиз, улар сизни хушмуомала билан кутиб олишса, бирор нарса харид қилишингиз ёки қилмаслигингиздан қатьи назар, яна очиқкўнгиллик билан кузатиб қолишса. Қандай ажойиб бўларди! Шу дўконга яна киргингиз келаверади! Балким, у қиммат дўкондир, аммо сиз харидларингизни шу ерда қиласиз. Ходимларнинг ширин муомаласи оҳанрабодай ўзига тортаверади. Вақтингиз бемалол бўлса, баъзида икки оғиз гурунг учун ҳам яна келасиз. Баҳонада режангизда бўлмаган буюмни сотиб олиб, сотувчи билан яна қадрдонлашаверасиз. Ана шунақа! Бу бир тактика.

Ривожланган давлатларда супермаркетлар эгаси  сотувчи ўрнига олаётган ходимдан, аввало, муомала маданиятини талаб қилиши ҳам шундан. Интернетда кўзим тушганди. Швейцарияда ҳар йили мусобақа ўтказилар экан. Сотувчилар мусобақаси. Энг кўп “сеҳр”ли сўзларни (“марҳамат”, “кечирасиз”, “раҳмат” ва ҳоказо) билган ва уларни ўрнида қўллай оладиган сотувчи мусобақа ғолибига айланади ва катта мукофотни қўлга киритаркан. Бу балки, арзимас воқеадек туюлар. Ўрни келганида айтдим-қўйдим-да.

Фото: pixabay

Фактларга эътиборингизни қаратсак. 2018 йилнинг биринчи чораги давомида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасига савдо хизматини кўрсатиш соҳасидан 86та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Улар, албатта, ижобий ҳал этилган. Эътиборимизни тортган жиҳати, уларнинг ҳаммасида савдо ходимлари чек бермаганлари ёки буюмни алмаштиришга рози бўлмаганликларидан ташқари, албатта, харидорларга қўпол муомалада бўлишади. Кўнгли оғриган кишилар ташкилотга мурожаат қилишади. Қўполлиги, яъни маънавий зарар учун чора кўриш бизнинг ваколатимиз доирасига кирмаслиги учун судга даъво аризаси киритиш лозимлигини айтсак, андишали халқмиз-да, дарров фикрларидан қайтишади. “Майли, носоз маҳсулотни алмаштириб берсангиз бўлди, уларни Худога солдим”, деб қўя қолишади.  Бу ҳақиқат.  Ёки айрим дўконларда кўринарли жойларга катта эълон осиб қўйилган. Унда нима ёзилганини тахмин қилаётгандирсиз. Ҳа, шундай. “Сотилган буюмлар қайтариб олинмайди!”. Бу ҳолат ҳамма савдо дўконларига тегишли эмас, албатта. Ўзини ҳурмат қилган тадбиркор бундай қилмайди, очиқдан очиқ қонунга қарши бормайди. Бу энди бошқа масала.

Муомала маданияти ҳақида гаплашаётгандик. “Сиёб деҳқон бозори”ни билмайдиган киши йўқ. Шарқона бозор дейилганда, кўз олдимизга, авваламбор, шу маскан келади. Замонавий, ҳамма қулайликларга эга, етти иқлимдан савдогарлар-у, меҳмонлар келиб кетадиган кўҳна ва файзли макон.

Фото: ЎзА

Аслини олганда, Самарқандга қадами етган киши бозорга кирмай ватанига қайтмайди. Ҳудудий бирлашмага 2 ой ичида бу бозорлар тармоғига қарашли (“Янги бозор”) савдо дўкони ходимлари устидан 2 марта шикоят аризаси тушган. Мисол учун, шу ерлик Рухсора Облоқулова савдо муассасаси ҳудудида жойлашган дўкондан укаси учун ёзлик оёқ кийим харид қилади. Шу куниёқ дўконга келиб, уни алмаштирмоқчи ёки пулини олмоқчи бўлганида, дўкон сотувчилари томонидан ранжитилгач, ташкилотга шикоят қилди. Шикоят ўрганилди, дастлаб сотувчи отдан тушса-да эгардан тушишни хоҳламаган, ҳуқуқшуносларимиз савдо ходимига қонун талабларини тушунтиришгач, вазият ижобий томонга ўзгарди. Рухсорага пули қайтарилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Айтмоқчи бўлганимиз, арзимас матоҳни деб бировнинг кўнглига озор бериб, қалбини жароҳатлаш одамгарчиликдан бўлмайди. Кўнглимизни авайлашни ўрганайлик. Зеро, Ҳазрат Навоий таъкидлаганларидек, КАЪБАНИ ВАЙРОН ҚИЛИШДЕК, биров қалбига озор бериб, сўнг афсуслангандан не наф?

Гулчеҳра Бердиёрова

Мавзуга оид
Top