13:08 / 02.08.2018
111959

Ислом Каримовнинг ёнида суратга тушган атлас либосдаги қиз - Лайло Усмонова билан интервью

Ислом Каримовнинг “Умид” жамғармаси грантларининг совриндорлари билан учрашуви чоғида тушган суратини кўпчилик яхши эсласа керак. 

Кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган ушбу тарихий фотосурат президент Каримовнинг 1999 йил апрель ойида Вашингтонга қилган ташрифи чоғида олинган.

Каримов фонди Лайло Усмонова, яъни Ислом Каримовнинг ёнида суратга тушган атлас либосдаги қиз билан бўлган интервьюни эълон қилди.

Иқтидорли ёшларни чет элда таълим олишида кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Умид” Фондининг гранти орқали Лайло Чикагодаги Жон Маршалл Ҳуқуқ мактабининг магистратура бўлимини халқаро тижорат ҳуқуқи мутахассислиги бўйича тамомлади.

“Менга элчихонадан қўнғироқ қилиб, президентимиз билан учрашувга таклиф этишди. Албатта, мен жуда хурсанд эдим, наҳотки мен президентимиз билан учрашсам, дея бунга ҳеч ҳам ишонолмасдим. У кишини кўрганимизда, аксариятимизнинг кўзимизда ёш эди. Учрашувимиз шу қадар илиқ ва самимий эдики, у киши, болаларим, дея ҳар биримиз билан бирма-бир суҳбатлашдилар”, – дея эслайди Лайло ўша тарихий учрашувни.

Ўзбекистонга қайтганидан сўнг, Лайло Усмонова Тошкент юридик институтида халқаро тижорат ҳуқуқ бўйича дарс берди. Кейинчалик Торонто шаҳрида Канаданинг соғлиқни сақлаш вазирлигида, Ванкуверда солиқ ҳуқуқи йўналиши бўйича Chigbu & Co law Firm, Ventra Oil Company (Альберта, Канада), Ronaldson & Kuchler LLC law firm (Чикаго) ташкилотларида ишлади.

Ҳозирда Лайло ўзининг Thellia Esthetics компаниясини юритиб, Тошкентда яшаяпти, олти яшар фарзандини тарбияламоқда.

Маълумот учун: “Умид” жамғармаси 1997 йилда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан иқтидорли ёшларни чет элда таълим олишида кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган. 

Жамғарма грантлари туфайли 1997 йилдан 2002 йилгача 800дан ортиқ ўзбекистонлик йигит ва қизлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Япониянинг етакчи олийгоҳларида таълим олдилар.

Top