14:18 / 20.09.2018
21015

Мактаб директорларига коррупцияни йўқ қилиш топшириғи берилди

Иллюстратив фото

Умумтаълим мактабларининг директорлари таълим даргоҳида коррупция иллатларини йўқ қилиш ва фаолиятини яхшилаш бўйича керакли чораларни кўришлари керак. Бу ҳақда жорий йилнинг 17 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва Тошкент шаҳар мактаблари директорлари билан учрашувда таъкидланди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Хусусан, 2018 йилнинг 5 сентябрь куни давлат раҳбари “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат мактабларга ижара, ҳомийлик, қўшимча тўгараклар ва хизматлар кўрсатиш орқали бюджетдан ташқари қўшимча маблағ ишлаш имкониятини очиб берди. Маблағларни ўқитувчилар ва директорларни рағбатлантиришга йўналтириш имконияти ҳам мавжуд. Авваллари мактаблар ўзлари қўшимча ишлаган даромадларининг кичик қисмини сарфлаш имкониятига эга эдилар ва кўрсатилаётган хизматларни қонуний расмийлаштиришга қизиқиш жуда суст бўлган.

Халқ таълим вазирлиги раҳбариятининг таъкидлашича, мактаб директорлари қонуний ишлашлари ва берилаётган имкониятлардан фойдаланишлари лозим. Пойтахтимиз мактаблари қолганлар учун ўрнак бўлиш кераклиги айтилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

Шу билан бирга талаб юқори бўлган мактабларда болаларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда коррупция белгиларини йўқотиш учун келгуси ўқув йилидан бошлаб ушбу мактабларга қабул қилиш Адлия вазирлиги қошидаги Давлат хизматлари агентлигининг ягона дарча маркази орқали амалга оширилади. Бу орқали ноқонуний ҳаракатларни амалга ошираётган раҳбарлар ва уларнинг воситачиларининг шахсий манфаатлари йўлидаги ҳаракатларига чек қўйилади.

Шу билан бирга, ота-оналар томонидан талаб юқори бўлган мактабларга тармоқ мактаблари ташкил этиш ҳуқуқи тақдим этилади. Бу эса мактабларда жой етишмаслиги ва коррупция омилларининг камайишига ёрдам беради.

Муваффақиятли фаолият юритаётган директорлар ушбу тармоқ мактаблари ҳисобидан кўпроқ маблағлар ишлашлари, бу эса мактаб пул маблағларини молиялаштириш тизими (“Пул ўқувчи ортидан келади” тамойили)ни самарали жорий этиш орқали амалга оширилади. Ушбу тизим орқали муваффақиятли мактаблар кўпроқ молиялаштиришга эга бўладилар.

Ҳозирги кунда Тошкентдаги юзга яқин мактаблар ўзларининг лойиҳавий қувватларидан кам бўлган контингент билан ишлаётгани, уларнинг директорлари таълим беришни сифатли даражада йўлга қўя олмаётгани ва ота-оналар фарзандларини бундай мактабларга юборишдан манфаатдор эмаслиги айтиб ўтилди. Ваҳоланки, ўз фаолиятини самарали ташкил этган мактабларда эса жой етишмовчилиги мавжуд ва таълим бир неча сменада ташкил этилган.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

Шунингдек, Мактаб директорларига ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасаларда таълим бериш бўйича хизматларнинг самарадорлигини ошириш вазифаси юклатилди. Агар вазият ўзгармаса, паст кўрсаткичли мактаблар муваффақиятли фаолият юритаётган мактабларнинг филиалига айлантирилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, мактаб директорлари турли мақсадлар учун ноқонуний пул йиғимларга чек қўйишлари лозим. Учрашув давомида вазирлик яқин кунларда мактабларда онлайн тўлов тизимлари орқали ҳомийликни янги механизмларини ишга туширилиши, ушбу тизим орқали мактаб директорлари муваффақиятга эришган битирувчиларини ўз мактабига ёрдам бериш мақсадида ҳомийлик маблағларини жалб этишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.

Top