11:58 / 26.09.2018
5010

Андижон вилоятида 4та қўшимча КСЗ ташкил этилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 18.09.2018 йилдаги 741-сон қарори билан Андижон вилоятидаги бўш турган объектлар негизида 4 та қўшимча кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойидаги Ҳукумат қарори билан Андижон вилоятида 4 та КСЗ ташкил этиш назарда тутилган эди. Бироқ уларнинг 2 таси фаолият юритмайдиган кўринади (ВМнинг 4.08.2017 йилдаги 588-қарорига 2-иловадан 3, 4-позициялар чиқариб ташланди).
 
Norma’нинг ёзишича, минтақада Андижон (1,1 га), Шаҳрихон (30 га), Қўрғонтепа (0,8 га) ва Балиқчи туман КСЗлар (4,8 га) қўшимча равишда ташкил этилади. Дастлабки учтасига ҳокимликнинг захира фондидаги фойдаланилмаётган ер участкалари ажратилади, сўнггиси эса 1 000 м2 умумий майдонга эга собиқ ферма бино ва иншоотларини эгаллайди. Аниқ чегаралар бир ой муддатда белгиланади.
 
КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулки бизнесга 10 йил муддат билан узоқ муддатли ижарага, бизнес-режалар бажарилган, иш ўринлари ташкил этилган ва сақлаб қолинган, барча солиқлар ва мажбурий тўловлар ўз вақтида тўланган тақдирда кейинчалик уларга мулк ҳуқуқи берилади. Ижарага берилган даврда (фаолият туридан келиб чиққан ҳолда) ошиб борадиган коэффициентларни қўлламасдан минимал ставкалар амал қилади. Қатнашчиларга Андижон вилояти ЭИЗ ва КСЗ маъмурий кенгашининг (25.10.2017 йилдаги ПҚ–3356-сон қарорга мувофиқ ташкил этилган) қарорлари билан ер берилади.
 
Фаолият кўрсатаётган ва янгидан ташкил этилаётган КСЗларда умумий қиймати 300 млрд сўм бўлган ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Импортнинг ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқарилади. 2 ой муддатда аниқ «йўл хариталари» ишлаб чиқилади ва 2018–2019 йилларда айнан қандай лойиҳаларни амалга ошириш кўзланганлиги тадбиркорларга етказилади. Бўлғуси инвесторларга ҳар томонлама, ш.ж. КСЗ ҳудудидаги лойиҳаларнинг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда кўмак берилади.
 
Ҳужжат 20.09.2018 йилдан кучга кирди.

Top